Йиғилишда айрим раҳбарларнинг хорижий давлатларга бориб, инвестиция жалб қилиш бўйича ишлари кутилган натижасини бермаётгани қайд этилди.

Масалан, Фарғона вилояти ҳокими 2022 йилда Япония ва Германияга, 2023 йилда Корея ва Хитойга бориб 1,8 миллиард долларлик 42 та лойиҳа бўйича келишувга эришган. Лекин, бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, 1,5 миллиард долларлик 39 та лойиҳа бўйича ҳали иш бошланмаган. Шу каби, Сирдарё вилояти ҳокими охирги 2 йилда Корея ва Хитойга бориб, бор-йўғи 180 миллион долларлик 17 та лойиҳа бўйича шартнома қилган. Шундан ҳозирда 6 та лойиҳадаги ишлар тўхтаб қолган.

Ташрифларда ҳокимлар миллиард-миллиард долларлик лойиҳа таклифларини хорижий ҳамкорлар билан ишлаб чиқиб, уларни дастурга киритган бўлишига қарамай, лойиҳани юргизиш масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйган.Шу боис, бу лойиҳалар билан Инвестиция вазирлигининг ўзи шуғулланиши белгиланди.

Инвестиция вазирига тармоқ раҳбарлари билан бирга 41 та лойиҳа бўйича барча ҳисоб-китобларни қилиб, лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиб, хорижий инвесторлар ва молия институтларига тақдимот қилиш ҳамда амалий ишларни бошлаш топширилди.

 

ЎзА