Бош вазирга 18 та туман ва шаҳар ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди

312

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда ўтган йили 5 та – балиқчилик, паррандачилик, заргарлик, асаларичилик, ипакчилик тармоқларида хорижий инвестицияни жалб қилиш ишлари энг суст даражада бўлгани кўрсатиб ўтилди.

Хорижий инвестициялар ҳажми 2023 йилда 1,6 баробар ўсган бўлсада, энг катта салоҳиятга эга Самарқанд ва Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич имкониятга яраша бўлмади.

Шунингдек, 12 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган жами инвестициялар ўтган йилга нисбатан камайган.

Ёки 6 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган инвестиция 10 миллион долларга ҳам етмаган.

Масалан, Шофиркон, Янгиобод, Нуробод, Пахтачи, Фурқат ва Хива тумани ҳокимларига консалтинг компаниялар томонидан 800 миллион долларлик 241 та тайёр инвестиция лойиҳа таклифлари ишлаб берилган бўлсада, ҳокимлар тайёр лойиҳаларга ҳам инвестор топмаган.

Бош вазирга ушбу камчиликлар қайд этилган 18 та туман ва шаҳар ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

 

ЎзА