Мисрнинг “Тонг” (Ал-Фажр) ҳамда “Миср бугун” (Миср ал-йавм) нашрлари саҳифаларида “Миср муфтийси фатво бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун олий даражадаги Ўзбекистон делегациясини қабул қилди” ва “Ал-Азҳар котиби муовини Ўзбекистон делегацияси билан учрашди” сарлавҳали мақолаларни эълон қилди. Мақолаларда ўзбекистонлик уламо ва диний мутасаддилари делегацияси Мисрда ташкил этилган халқаро семинар-тренингда қатнашгани батафсил ёритилган.

Ўзбекистон делегацияси сафар давомида Миср муфтийси Шавқи Аллом, Ал-Азҳар котиби ўринбосари, доктор Муҳаммад Абдурраҳмон Ад-Дувайний ва Ал-Азҳар университетининг Аҳолишунослик ва тадқиқот халқаро ислом маркази директори, профессор Жамол Абу Ас-Сорур билан учрашувлар ўтказишгани эътироф этилган.

Ўзаро мулоқот чоғида муфтий икки давлат ўртасидаги тарихий муносабатларнинг илдизига алоҳида тўхталиб, фатво бериш жараёни ва воқеликни рўёбга чиқаришнинг аҳамияти, малака ва тажрибага асосланган кўникма зарур эканлигига эътибор қаратгани таъкидланган.

Мақолада шунингдек, Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Аҳолишунослик ва тадқиқотлар бўйича халқаро ислом марказида халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтгани, болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлашда давлат ташкилотлари, диний идоралар ҳамда олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигига бағишлангани эътироф этилган.

Ад-Дувайний Ал-Азҳар университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар хусусида тўхталиб, илмий муассасалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, имом-хатибларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш кераклигини билдирган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА