Дунёда бирон бир спорт тури йўқки, унинг қайсидир жиҳатлари халқ ўйинларига боғлиқ бўлмаса. Олимпия ўйинлари тизимидаги аксарият спорт турларининг маънавий ўзаги айнан элу-элатларнинг урфқ-одатларидан озиқланиб, шундай мақомга эга бўлганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Мамлакатимизнинг ўтган 30 йиллик тарихига эътибор қаратсак, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан бир қатор миллий ўйинларимиз спорт тури даражасига кўтарилди.
Биргина кураш спорт турининг ривожланиш динамикасига эътибор қаратсак, ўтган 30-32 йиллик даврда миллийликдан халқаро мақомига юксалишгача бўлган шарафли йўл босиб ўтилди. Юзга яқин давлатларда тизимли тарзда ўтказилган чемпионатлар, халқаро турнирлар туфайли минг-минглаб кураш чемпионлари кашф этилди.
Дунёнинг деярли барча мамлакатларига кураш орқали ўзбекона сўзлар, иборалар кириб борди. Бу том маънода Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имеджига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Қадим ўтмиши шон-шарафли, келажаги ёғдулардек жилвакор бўлган халқимизнинг қалб-қўридаги маънавий сарчамшмаси шу қадар бойки, ҳали кенг жамоатчиликка танитилмаган ўйин турлари кўп. Бу, ўтган йиллар давомида ташкил этиб келинаётган халқ сайлларида, этноспорт фестивалларида ўз тасдиғини топиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам миллий халқ ўйинларини ривожлантириш, уларнинг халқаро нуфузини ошириш, алоҳида йўналишларда спорт турлари негизини яратиш вазифаси белгиланган.
Айтиш лозим, ўтган йиллар давомида халқ ўйинларининг муҳим йўналишларидан бири бўлган “Қарабтеп”(ланка) ўйинини оммалаштириш, унинг спорт терменалогиясини ишлаб чиқиш борасида зарур ишлар амалга оширилди. Унинг спорт қонун-қоидаси, техник-тактик кўриниши, спорт терменологияси ишлаб чиқилди.
Тарихий манбаларнинг далолат беришича, қарабтеп(ланка) ўйини нафақат Марказий Осиё халқалари орасида, балки Хитой, Сибирь ўлкаларида, ҳаттоки Европанинг айрим мамлакатларида ҳам кенг тарқалган.
Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази раҳбари, Ўзбекистон Қарабтеп федерацияси раиси Норқули Турсунович Юсупов билан мазкур ўйиннинг келиб чиқиш тарихи, унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти, қарабтеп ўйинининг спорт тури сифатида халқаро майдонда оммалашиш имкониятлари, ўйин хусусида, Абу Али ибн Сино келтириб ўтган фаразлар борасида суҳбатлашдик. Унинг тўлиқ вариантини ЎзАнинг Youtube канали орқали кўришингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев, Аброр Содиқов (видео), ЎзА мухбири