Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess-2024” халқаро турнирининг ортда қолган 4-тур ўйинларидан кейин нидерландиялик Аниш Гири 3,5 очко билан пешқадамга айланиб олди.

Кеча ўтган 4-тур баҳсида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжага қарши дона сурди.

Муросасиз кечган ўйиннинг 30-юришида томонлар учрашувда 0,5 очкодан бўлишиб олди. Ушбу натижадан сўнг Абдусатторов 2,5 очко жамғарган ҳолда Праггнанандҳаа, Непомняший ва И Вэй билан 3-6-ўринларни эгаллаб турибди. Нодирбек билан муроса йўлини танлаган Фирузжа эса 3 очко билан турнир жадвалининг 2-поғонасида бормоқда.

Ортда қолган тур ўйинларида 4 та дуранг ва 3 та ғалаба ҳолати қайд этилди. Бугун, 17 январь куни «Tata Steel Chess-2024» халқаро турнири иштирокчилари учун дам олиш куни этиб белгиланган.

Эртага, 18 январь куни ташкил этиладиган 5-тур учрашувида Нодирбек Абдусатторов хитойлик И Вэй билан рўбарў келади. Шунингдек, Вэньцзюнь Цзю – Алиреза Фирузжа, Видит Гужрати – Макс Вармердам, Александр Донченко – Йорден ван Форест, Гукеш – Ян Непомняший, Праггнанандҳаа – Аниш Гири, Пархам Магсудлу – Дин Лижен учрашувлари бўлиб ўтади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА