Ҳозирда бутун дунёда гендер тенглигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар бўлмоқда. Кўпгина мамлакатлар аёллар ҳуқуқларини эркакларникига тенглаштириш бўйича қатор қонунлар қабул қилмоқда. Шунга қарамай, бу борада кўпгина давлатларда аҳвол мураккаблигича қолаётгани айтилади. Сўнгги пайтларда айрим жамиятларда ушбу масала анчайин билиниб қоляпти. Бунга яқинда Испанияда олиб борилган тадқиқот натижалари, аниқроғи, Ижтимоий тадқиқотлар маркази (CIS)  душанба куни эълон қилан маълумотлар ҳам гувоҳлик бермоқда.

Унда келтирилишича, испан эркакларининг 44 фоиздан кўпроғи “гендер тенглиги шу қадар чуқурлашиб кетдики, натижада энди эркакларнинг ўзи кўпроқ камситилмоқда”, деган фикрни билдирган.

“Бу фикрга аёлларнинг ҳам 32,5 фоизи қўшилган. Бироқ уларнинг 65,5 фоизи ушбу фикрни нотўғри демоқда”, -дейилади марказ тарқатган матбуот хабарномасида.

CIS ушбу тадқиқотларни ноябрь ойида ёши 18 дан юқори бўлган 4 минг киши орасида ўтказганини маълум қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, гендер тенглигини таъминлаш ҳақида гап кетар  экан, унинг  минг йиллар давомида қарор топган устунлар ва қадриятларга қандай таъсир этиши ҳам кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Испанияда олиб борилган таҳлиллар фақат ушбу мамлакат манзарасини кўрсатяптими ёки қисман бўлсада ғарб мамлакатларига тегишлими, бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

 

С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА