“Мард ўғлон” давлат мукофотининг 2024 йилги саралаш босқичига старт берилди

446

Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда давлат мукофотига 2024 йилги саралаш жараёнлари амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, республика ҳамда халқаро миқёсда ўтказилган мусобақалар, лойиҳа ва танловларда ғолиб бўлган, жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришган ҳамда мардлик ва жасорат, қатъиятлилик, ҳалоллик, ватанпарварлик каби фазилатларга эга бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигитлар сараланмоқда.

Шунингдек, ўзининг чуқур билими, ташаббускорлиги, ишбилармонлиги, шижоати ва фидойилиги билан ажралиб турган иқтидорли йигитлар ўз ҳужжатларини жорий йилнинг 1 мартига қадар яшаш манзили жойлашган ҳудуд бўйича Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига топширишлари мумкин.

“Мард ўғлон” давлат мукофоти давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таъсис этилган.

Мазкур мукофот мамлакатимизда буюк аждодларимизга муносиб бўлган, мардлик ва жасорат, қатъиятлилик, ҳалоллик, ватанпарварлик каби фазилатларга эга мард ўғлонларимизни тарбиялаш ҳамда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган билимли, ташаббускор, ишбилармон, шижоатли ва фидойи йигитларни рағбатлантириш мақсадида берилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА