БМТ донор давлатларни 2024 йилда Украинадаги можаро қурбонлари ва украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун жами 4,2 миллиард доллар ёрдам беришга чақирди.

БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ва ташкилотнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Женевадаги офисда матбуот анжумани ўтказди. Йиғилишда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди маърузачи сифатида иштирок этди.

Гриффитснинг таъкидлашича, Россия ва Украина ўртасидаги минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва миграция оқими кучайган можарога  келаси ой роппа-роса икки йил тўлади.

Унга кўра, Украинада 14,6 миллион киши (мамлакат аҳолисининг 40 фоизи) гуманитар ёрдамга муҳтож. Мамлакатда тўрт миллион киши ички кўчирилган. Украинанинг фронтга яқин ҳудудларида 3,3 миллион украиналик истиқомат қилади, улар ҳар куни отишма хавфи остида қолишмоқда.

“Биз доимо дунёнинг барча бурчаклари учун инсонпарварлик ёрдамини режалаштирамиз. Биз тақдим этган ҳар бир режа бутун йилни қамраб олади. Яъни, агар тўсатдан мўъжиза рўй берса ва можаро тугаса, биз украин халқидан кейин энг бахтли одамлар бўламиз ва биз Украинани тиклаш учун маблағни йўналтирамиз”, деди Гриффитс.

ЎзА