Яқинда Тошкент халқаро аэропортида Деҳлидан учиб келган йўловчининг пальтоси чўнтагидан 281 карат ҳажмдаги олмос қимматбаҳо тошлари топилган.

Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари томонидан фош қилинган мазкур ҳолатда йўловчи божхона назоратига тақдим этмаган олмосларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 873 миллион сўмдан ошмоқда.

Ҳиндистондан учиб келган яна бир йўловчининг багажини кўздан кечириш давомида ушбу хорижий фуқаро ҳам 57 дона турли ўлчамдаги олмос тошларини яширинча олиб киришга урингани фош бўлди.

Божхона назоратига тақдим қилинмаган қимматбаҳо тошларнинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 942 миллион сўмдан ошмоқда.

Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари 2023 йилда аниқланган 394 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 32,4 миллиард сўмлик 163 кг заргарлик буюмлари, шу жумладан қимматбаҳо тошларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишди.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА