Жорий йил 10 январь куни “Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга кўра, 2024-2025 йиллар учун электротехника тармоғини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.

Хусусан, мисни қайта ишлаш қувватини 2024 йилда 140 минг ва 2025 йилда 160 минг тоннага етказиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2024 йилда 30,8 триллион сўмгача ва 2025 йилда 38 триллион сўмгача ошириш, маҳсулотлар экспорт ҳажмини 2024 йилда 1,5 миллиард АҚШ доллари ва 2025 йилда 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида таъминлаш белгиланди.

Электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024-2026 йилларда тижорат банкларига, уларнинг буюртмасига асосан 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга, йиллик 5 фоиз ставкада 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади.

Бунда банклар томонидан тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставкада (шундан 2 фоиз банк маржаси) кредитлар ажратилади.

2027 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилади.

2024 йил 1 апрелдан давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:

➖3 та ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 15 фоиз;

➖2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 12 фоиз;

➖1 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 8 фоиз.

Қарор билан шунингдек, 2024 йил 1 февралдан Ўзбекистонга олиб киришда уларнинг сифати, хавфсизлиги ва сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА