Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 2,5 миллион нафарни ташкил этди

АОКАда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, ноқонуний иш ўринлари легаллаштирилгани ҳисобига даромад солиғи тўловчилар 263,2 минг нафарга кўпайиб, 5,3 миллионтага етди. Шунингдек, иш ҳақининг оширилиши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича қўшимча 1,9 триллион сўм тушириш имкониятини берди.
Ўтган йил давомида 90 мингга яқин юридик шахс рўйхатга олиниб, жами фаолият юритаётган корхоналар сони 570,4 мингга ва 97 мингдан ортиқ фуқаро якка тартибдаги тадбиркор cафига қўшилиб, жами фаолият юритаётган ЯТТлар сони 240,7 минг нафарга етди.
Солиқ тушумлари бўйича 2023 йил учун 163,8 триллион сўм йиллик прогноз амалда 165,9 триллион сўм (101,3%), яъни 2,1 триллион сўм ортиғи билан бажарилди. 2023 йил якунига кўра ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 2,5 миллион нафарни ташкил этди.
Солиқ хизматининг маҳалла даражасига тушиб ишлаш тизимининг йўлга қўйилиши натижасида ер ва мол-мулк солиқларидан белгиланган прогнозга нисбатан қўшимча 2 триллион сўм маблағ маҳаллий бюджетларга туширилди. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети, онлайн-назорат касса техникалари, электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ), Е-ijara, Е-imtiyoz, Автокамерал, “Soliq” мобиль иловаси каби электрон тизим ва хизматлардан фойдаланиш солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада соддалаштириб, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда жисмоний шахслар солиқ мажбуриятларини уйдан чиқмаган ҳолда, интернет тармоғи орқали махсус платформалар ёки тобора оммалашиб бораётган “Soliq” мобиль иловаси орқали масофадан туриб бажаришлари, солиқ соҳасига оид ўзларига керакли маълумотларни олишлари мумкин. Ўтган 2023 йилда “Soliq” мобиль иловасида қарийб 3 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтиб, уларнинг жами сони 5,4 миллион тадан ошди.
Рақамли трансформация туфайли солиқларни тўлаш жараёни шаффофлашиб, барча учун осон ва қулай бўлиб бормоқда. Буни ўтган 2023 йилда республика бўйича юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси 97 фоизни ташкил этгани ҳам исботлаб турибди.
Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида юқоридаги каби санаб ўтилган омиллар ўз навбатида давлат бюджетига ундириладиган тушумлар сезиларли ошишига хизмат қилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида белгиланган йиллик прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди ва уларнинг қўшимча тушумлари 3,4 триллион сўмдан ошди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан 1,3 триллион сўм молиявий жарималар қўлланилишининг олди олинди.
Қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар ихтиёрида 9 триллион сўм маблағ қолишига имкон берди. Маъмурчиликнинг тўғри йўлга қўйилиши натижасида ставка туширилишига қарамасдан мазкур солиқ тури бўйича бюджетга 34 триллион сўм маблағ тўланиб, тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 триллион сўмга ёки 4 фоиз ўсди.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида тадбиркорликни ривожлантириш, уларга кўмаклашиш устувор вазифа бўлади.
Соҳани рақамлаштиришни изчил давом эттириш, жумладан, товар-транспорт юк хатларини электрон расмийлаштириш, солиқларни ҳисоблаш, мажбурий ундиришга қаратиш, хизматлар кўрсатишни автоматлаштириш даражасини камида 75 фоизга етказиш каби вазифалар белгиланган. Тадбиркорлар томонидан “Soliq” мобиль иловасида солиқ ходимлари фаолиятини баҳолаш тизимини ишга тушириш режалаштирилган.
Солиқ маъмурчилигининг структураси ва динамикасини кўриш, уларнинг ижобий ва салбий тенденцияларини кузатиб бориш имконини берувчи фискал таҳлил маълумотлари сонини кўпайтириш ва бу билан жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш белгиланган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА