Истанбулда Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида ҳалок бўлган журналистлар хотирасига бағишланган фотокўргазма очилди.

“Фаластинлик шаҳид журналистлар хотирасига: Босқин гувоҳлари” деб номланган тадбир “Press For Palestine” бирлашмаси томонидан уюштирилган.

“7 октябрдан бери Ғазода содир бўлаётган воқеаларга барчамиз гувоҳ бўлдик. Журналистлар у ерда содир бўлаётган ваҳшийликлар ҳақидаги ҳақиқатни дунёга етказишга қандай ҳаракат қилаётганини кўраяпмиз. Улар оила аъзоларини, яқинларини, сафдошларини йўқотишларига, бошдан кечирган оғриқ ва фожиаларга қарамай, ўзларининг профессионаллик бурчларини ҳаётларини қурбон қилиб бўлса-да бажаришаяпти”, деган “Press For Palestina” ташкилоти матбуот котиби Хайринисо Чечак кўргазма иштирокчиларига.

Унинг эслатишича, 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари натижасида 112 журналист ҳалок бўлган.