Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси – республикамиз ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади. Жумладан, янги туғилган болага бир ёшгача — икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра), бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга ҳамда 16 ёшдан — 10 йил муддатга берилади.

ID-карта йўқолган ҳолда эса жарима тўлашга сабаб бўлади. Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.

–Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйиши базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми (170 000)дан уч баравари (1 020 000)гача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади деб кўрсатилган.

Демак, ID-карта йўқотилгани учун 170 минг сўмдан 1 миллион 20 минг сўмгача жарима қўлланиши мумкин.

Гулноза Бобоева, ЎзА