Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, “Яшил энергия” ахборот тизимидан фойдаланиш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

2024 йил 1 февралга қадар “Яшил энергия” ахборот тизими тўлиқ функционал режимида ишга туширилади ва Энергетика вазирлигига ўтказилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилишда божхона тўловларини 120 кун муддатга фоизлар ундирилмаган ҳолда кечиктириб тўлашга;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилиш фаолияти билан уч йилдан ортиқ давр мобайнида шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келган тадбиркорларга 6 ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлашга рухсат берилади. Бунда тадбиркорлар томонидан охирги 3 йил давомида тўланган божхона тўловларининг миқдори тўлов муддати узайтириладиган сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорини ташкил этиши лозим бўлади.

2024 йил 1 мартдан бошлаб техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи “А”, “В”, “С” ва “D” тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади.

Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади.

Икки ой муддатда қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича синов лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади.

ЎзА