Элликқалъада янги боғча фойдаланишга топширилди
Элликқалъа тумани “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида юз ўринга эга бўлган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилди.
Сўнгги йиллари юртимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача ва мактаб таълими тизимининг моддий-техник базасини яхшилаш, замон талабига мос билим бериш сифатини ошириш, ўқувчилар ва тарбияланувчилар учун етарли шароитларни яратиш бўйича бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада жойларда болаларни мактабгача таълим масканларига қамраб олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 миллиард сўм қийматидаги имтиёзли кредит ҳисобига барпо этилган мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиб, 20 та янги иш ўрни яратилди.
Маҳаллаларда дув-дув гап
Мўйноқ туманидаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап” тадбирлари ташкил этилмоқда.
“Мадели” овул фуқаролар йиғинидаги 12-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаёти билан боғлиқ янги истиқболли ташаббусларни эътироф қилиб, 9 та муҳим йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, жойларда маънавият ва маърифат соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир давомида викторина ўйинлари ташкил этилиб, ғолибларга маънавият асоси бўлган китоблар совға қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга туман Маданият бўлими ҳамда мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Эҳтиёжманд оилалар эътиборда
“Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан “Меҳр ҳаракати” доирасидаги хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, филиал ходимлари томонидан ҳомийлар билан ҳамкорликда кам таъминланган, боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд оилалар аҳволи ўрганиб чиқилди. Уларнинг эҳтиёжига қараб 3 та оилага уй-рўзғор буюмлари ва маиший техника воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Шунингдек, фарзандларини касбга йўналтириш мақсадида, бепул таълим олиши учун “PROGRESS UP” ўқув марказига сертификатлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.