Қиш мавсумида спорт соҳасида баъзи бир спорт турлари бўйича мусобақалар бироз тин олиб, спортчилар ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлади. Аммо шундай спорт турлари борки, мавсум танламайди ва мунтазам равишда турли мусобақалар ташкил этилиб, мухлисларнинг қизиқишига сабаб бўлади. У билан боғлиқ янгиликлар ҳам ихлосмандларнинг эътиборини тортади. Бу, миллионлар ўйини фотболдир.
Шу кунларда Осиё қитъасида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё кубоги бошланиш арафасида. Ҳозирда Осиёнинг қарийб барча терма жамоалари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жам бўлиб, 12 январь куни старт оладиган мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ғолибликка асосий даъвогарлар қаторида саналмоқда ва терма жамоамиз Осиё кубогига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Тўғри, таркибда асосий ҳужумчимиз Элдор Шомуродов жароҳат сабаб ўрин олмаган бўлсада, унинг ўрнини босадиган бир қатор футболчиларимиз борлиги бизнинг қалбимизга таскин бермоқда. Ҳозирча термамиз таркибида катта муаммолар йўқ. Умид қиламизки, Сречко Катанец бошчилигидаги миллий жамоамиз узоқ кутилган ғалабаларга эришади.
Биласизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогининг “В” гуруҳида Сурия, Ҳиндистон ва Австралия билан куч синашади. Гуруҳдаги асосий рақибларимиздан бири Сурия терма жамоаси кеча Малайзия билан ўртоқлик ўйинини ўтказди ва 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этилди. Бу ўйинда гарчи сурияликлар барча сирларини очмаган бўлсада, жамоа яхши шакллангани ва ўйин амалиётига эга эканини кўрсатмоқда. Айнан кубокдаги илк рақибимиз Сурия термаси экани боис, ушбу ўйинда биз учун ғалаба ўта муҳимдир.
Тарихга назар ташласак Ўзбекистон ва Сурия термалари ўртасидаги сўнгги икки ўйинда, аниқроғи, 2016 йилги баҳсда футболчиларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 2017 йилги учрашувда сурияликлар ҳам ана шундай ҳисобда зафар қучган. Бу ўйинлар 2018 йилда жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида ўтказилган. Орадан қарийб 7 йил ўтди. Терма жамоамизнинг ўйин услуби ўзгарди. Бироқ Сурия ҳам ўйин борасида катта тажриба тўплади. Нима бўлганда ҳам ҳаммасини вақт кўрсатади.
Осиё кубоги ҳақида яна бир муҳим хабар. Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Аҳрол Рисқуллаев мусобақа олди ўтказилган жисмоний тайёргарликлар жараёнида олган жароҳати туфайли, афсуски, мусобақада иштирок эта олмайди. Унинг ўрнига ОФК томонидан тожикистонлик ФИФА рефериси Гулмуроди Саъдулло Осиё кубогига жалб этилди.
Маълумот учун, Аҳрол Рисқуллаев якунига етган 2023 йилги мавсумда ички мусобақаларда 12 та, халқаро турнирларда эса 13 та учрашувни бош ҳакам сифатида бошқарган ва якунда йилнинг энг яхши ҳаками, деб топилган эди.
Энди эса миллий чемпионатларимизда ўйнайдиган клубларнинг трансферлари ҳақида сўз юритамиз.
Олмалиқнинг “ОКМК” клуби таркибига “Машъал” футбол жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланган Жавоҳир Илёсов қўшилди. 20 ёшли Жавоҳир фаолияти давомида Муборакнинг “Машъал”, Бекободнинг “Металлург”, Тошкентнинг “Локомотив” ва Навоийнинг “Қизилқум” жамоаларида ўйнаган. “ОКМК” ва футболчи ўртасида 2 йиллик шартнома имзоланди.
“Шўртан” профессионал футбол клуби ўз олдига 2025 йилда Суперлигага чиқиш мақсадини қўйди ва бу йўлдаги илк қадамини жамоани кучайтиришдан бошлади. Жамоанинг моҳир ҳужумчиси Муҳриддин Зоиров 2024 йилда ҳам ғузорликлар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Тажрибали ҳимоячи Тимур Набиев ҳам амалдаги шартномасини бир йилга узайтирди. Ёш ва умидли ярим ҳимоячи Жавоҳир Ҳасанов янги мавсумда ғузорликлар билан бирга бўлади. Ўтган мавсумда “Шўртан” дарвозаси дахлсизлигини муносиб ҳимоя қилган Шерзод Абдураимов ҳам янги мавсумда клубга ёрдам беради. Бундан ташқари, Шукурали Пўлатов ҳимоячи сифатида 2024 йилда жамоа шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, “Шўртан” ўтган мавсумда “Қўқон-1912″ сафида тўп тепган Жасур Ўриновни ўз таркибига қўшиб олди.
Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби, ўз сафига икки нафар хорватиялик легионер – Фрэйн Чирьяк ҳамда Тони Йовични бир йилга қўшиб олди. Трансферлар даврида “Сурхон” жамоаси ҳам ўз таркибидаги футболчилар билан шартномани узоқлаштиришга қарор қилди. Клуб янги мавсумда дарвозабон Даврон Мерганов ва ҳимоячилар Беҳруз Шайдулов ҳамда Суннатулло Ҳамиджонов билан шартномани 2025 йил охиригача узайтирди.
“Сўғдиёна” эса “Бунёдкор” жамоаси шарафини ҳимоя қилган тажрибали ярим ҳимоячи Шоҳрух Абдураҳмоновни сотиб олди. “Нефтчи” клуби эса тез орада нигериялик футболчи Бенжамин Теидини ўз сафига қўшиб олмоқчи. Моҳир дарвозабон Зафар Сафоев “Насаф” билан икки йиллик шартномага имзо чекди. «Динамо» клуби эса янги мавсум олдидан уч футболчини – Ҳумоюнмирзо Иминов, Акбаржон Исматуллаев ва Анваржон Файзуллаевни ЎзПФЛда рўйхатдан ўтказди. Ўзбекистон Суперлигасининг энг қиммат футболчиси Одил Ҳамробеков “Пахтакор”дан кетди. Бироқ қайси жамоага ўтгани ҳақида аниқ маълумотлар берилмади. Унга “Навбаҳор” клуби жиддий қизиқиш билдираётган эди.
“Локомотив”да эса футболчилар ўрнига мураббийлар штаби янгиланди. Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, жамоа бош мураббийи этиб Ёрқин Назаров тайинланди. Катта мураббий сифатида Александр Стоймирович (Сербия), мураббий бўлиб эса Марко Байич (Сербия) фаолият кўрсатади.
Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлик вазифасини Акмал Шораҳмедов бажаради. Дарвозабонларга Алишер Аҳмедов устозлик қилади. Барча соҳалар таҳлилини Шавкат Имомов амалга оширадиган бўлди.
Гарчи миллий лигаларимизда тўп тепмаётган бўлсада, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Отабек Шукуров “Фотих Карагюмрюк”ни тарк этгани ҳақида хабарингиз бор. Тажрибали ярим ҳимоячимиз Отабек Шукуров фаолиятини қайси клубда давом эттириши кўпчилик футбол ихлосмандлари учун қизиқ бўлмоқда. Туркия қуйи лигаси жамоаси “Кожаелиспор” Отабек Шукуров билан 1,5 ёки 2,5 йиллик шартнома имзолашни режалаштирганди, лекин ярим ҳимоячи клуб билан музокаралар олиб боришни ҳам хоҳламади.
Шу тариқа, ўтган кеча ва кундузда бир қатор миллий трансферлар амалга оширилди. Умид қиламизки, 26 февралга қадар давом этадиган трансферлар мавсумида жамоаларимиз ўзлари учун керакли бўлган футболчилар билан шартнома имзолайди ва янги мавсумни юқори нотада бошлайди.
Биласиз, ўтган мавсумда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Суперлига ғолибига айланди. ЎзПФЛ матбуот хизмати ўтган мавсумда “Пахтакор” стадиони нечта ўйинга мезбонлик қилгани ҳақида хабар эълон қилди. Унга кўра, 2023 йилда клуб стадиони 56 учрашувга мезбонлик қилди. «Шерлар» ўйингоҳи 27 та Суперлига, 8 та “U-21″ чемпионати, 5 та Ўзбекистон кубоги, 5 та ўртоқлик учрашуви, 4 та “CAFA Nationʼs Cup“, 3 та аёллар ўртасида клублар бўйича Осиё чемпионати ва Париж Олимпиадаси йўлидаги ўйинлар, шунингдек, битта ”Мираброр Усмонов хотира турнири” доирасидаги баҳсларга мезбонлик қилди.
Энди эса Европа, Осиё ва Африка қитъасига оид бўлган муҳим хабарларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дастлаб, “ПСЖ” футболчиси Килиан Мбаппенинг ёзда “Реал” сафига кўчиб ўтиши деярли аниқ экани борасида кеча матбуот узра баланд янграган хабарлар Париж клуби вакиллари томонидан рад этилди. Жамоа ичидагилар ушбу келишувдан бехабар. “RMC Sport” нашри хабарига кўра, бу мавзу ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. Футболчининг қолиши ёки кетиши ҳамон тўла ҳал этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Мбаппе жорий мавсум Франция чемпионатининг 16 ўйинида 18 та гол урди ва энг яхши тўп урар бўлиб турибди.
Осиё қитъасида ўтган мавсум катта шов-шувларга сабаб бўлган Саудия Арабистони клублари томондан амалга оширилган трансфер ҳақида барча маълумотлар ёдингиздадир.
Айнан шу трансферларни амалга оширган “Ал-Аҳли”, “Ал-Ҳилол”, “Ан-Наср” ва “Ал-Иттиҳод” клублари Саудия Арабистони суверен фонди томонидан молиялаштирилади. Ушбу фонд раҳбарияти мазкур клубларнинг қишки трансферларига жиддий чегара қўйди. Энди бу клублар фонднинг ёрдамисиз катта харидларни амалга ошира олмайди. Қоидага кўра, ҳар бир клуб трансфер сиёсатини ўзи юритади, бироқ ҳар қандай харид қатор талаблар асосида қилинади.
Ҳозирги пайтда клубларнинг ҳеч қайсиси давлат пулларисиз юқори савиядаги қимматбаҳо ўйинчиларни олиб келолмайди.
Жорий йилнинг 13 январь кунидан бошлаб Кот-д`Ивуарда Африка миллатлар кубоги бошланади. Африка мамлакатларининг кўплаб футболчилари Европа қитъаси жамоаларида ўйнайди. Бу галги Африка чемпионатида қатнашадиган терма жамоалар орасида Европа футболида ном чиқарган футболчилар хизматидан воз кечганлари ҳам бор. Мусобақа мезбонлари бош мураббийи Жан-Луи Гассе машҳур ҳужумчи Вильфрид Заага таклиф юбормади.
Жазоир терма жамоаси мураббийлар штаби эса “Вест Хэм” форварди Саид Бенраҳманини таркибга киритмаган бўлса, камерунликлар “Бавария” ҳужумчиси Эрик Максим Шупо-Мотинг хизматларига эҳтиёж йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, Нигерия терма жамоаси “Ницца” ҳужумчиси Терем Моффини, Тунис термаси эса “Манчестер Юнайтед” аъзоси Ханнибал Межбридан фойдаланмайдиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА