Саноатда зарур бўлган кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари ташкил этилади

402

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, “Прекурсорларни ишлаб чиқариш жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаларга, таклифларга бой бўлди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизда калий сульфат, коллоксилин, аммофос, моноаммоний фосфат каби импорт ўрнини тўлиқ босувчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Сульфат кислотаси ва хлорид кислотаси ушбу кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг асосий хомашёси ҳисобланади. Лекин хлорид ва сульфат кислотаси тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб берилишига қарамасдан, йилдан-йилга унга қўшимча талаб ортиб боряпти. Шу муносабат билан кимё саноатида ушбу кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришнинг замонавий янги қувватларини ташкил этиш эҳтиёжи пайдо бўлди.

Қонун лойиҳасида мазкур моддаларни Ўзбекистон саноатига эҳтиёж даражасида ишлаб чиқариш учун имкониятлар бериш назарда тутилган. Фракция аъзолари лойиҳанинг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, айрим нормалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кимё саноатида хлорид ва сульфат кислотаси ишлаб чиқаришнинг замонавий янги қувватларини ташкил этиш орқали республикадаги талабни қондиришга хизмат қилади.

 

М.Комилова,

ЎзА