Судья таклифи: Интернетдаги зарарли дорилар тарғиботи учун жиноий жавобгарлик белгиланиши керак

271

Гиёҳвандлик воситалари аналоглари ҳисобланган турли хил “дори”ларни истеъмол қилиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани сир эмас.

Бу каби “дори”ларни узоқ вақт давомида истеъмол қилиш оқибатида қайта қабул қилиш истаги пайдо бўлиб, қарамлик синдроми юзага келади. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳол одам руҳиятини издан чиқариб, хотирани сустлаштиради.

Амалиёт таҳлили шуни кўрсатганки, аксарият ҳолларда бу каби “дори”лар вазн ташлаш, мушакларни чиқариш, соқол ўстириш ниқоби остида интернетдаги ижтимоий тармоқларда тарғиб қилинмоқда.

Шу сабабли Қашқадарё вилояти суди судьяси Шаҳзод Бахтиёров муҳим таклифни илгари сурди.

– Амалдаги қонун ҳужжатларида ижтимоий тармоқлар, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда  дори воситаларини тарғиб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, – дейди Ш.Бахтиёров.  – Шу боис, Жиноят кодексининг 273 ва 274-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни таклиф қиламиз.

Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисмига “ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар “Телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса”, деган жумлани киритиш ва 6-қисмни 7-қисм деб ўзгартириш зарур.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 274-моддасини янги 3-қисм билан тўлдириш, “ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар “Телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса”, деган қўшимча киритиш лозим.

Бундай жиноий жавобгарликнинг киритилиши жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосини яна мустаҳкамлаши баробарида, аҳоли, хусусан, ёш авлод саломатлигини асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзи қарор топишига хизмат қилади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА