Исроил матбуоти: Тель-Авив Ғазо бўйича мақсадига эриша олмади

301

Қамалдаги Ғазо секторига қилинган ҳужумлар Тель-Авивга уч ой давомида қарийб 60 миллиард доллар зарар келтирди ва армия ўз мақсадларига эриша олмади, – деб ёзмоқда “Анадолу” Исроилнинг “Yedioth Ahronot” нашрига таяниб.

Бу ҳақда нашрнинг “Энг қиммат уруш ёки Исроил ҳали ҳам ўз мақсадларига эриша олмади” сарлавҳали мақоласида айтилади. Нашрнинг қайд этишича, Исроил армияси октябрь ойида Ғазо секторида бошланган қуруқлик амалиётида кўплаб тактик муваффақиятларга эришган, бироқ Хамаснинг ҳарбий имкониятларини йўқ қилиш ва исроиллик асирларни қутқариш каби асосий мақсадларга эриша олмаган.

“Исроил армияси Хамаснинг юқори мартабали амалдорларини йўқ қила олмади. Хамаснинг лидерлари ҳали ҳам фаол”, – дея қайд этилади газетада.

Мақолада айтилишича, 7 октябрдан буён армия харажатлари учун бюджетдан ажратилган катта миқдордаги маблағ, мамлакат иқтисодиёти ва таълим соҳасига, шунингдек, қочқинлар ва исроилликларнинг шахсий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган.

Исроил газетасининг таъкидлашича, Ливан билан чегарадаги яҳудий аҳоли пунктлари мулкига етказилган зарар, тахминан 1,37-1,91 миллиард долларни, Ғазо сектори атрофидаги яҳудий аҳоли пунктларига етказилган зарар эса 4,10-5,47 миллиард долларни ташкил этади.

Бундан ташқари, ҳукумат Ғазо сектори ва Исроил шимоли билан чегарага яқин ҳудудлардан эвакуация қилинган 125 минг кўчманчининг харажатларини қоплаган, бу харажатлар ҳам миллионларга тенг, дейилади мақолада. Муаллифлар Исроилда мактаб ўқувчилари ва талабалари уч ой давомида онлайн тарзда ўқишга мажбур бўлгани, Тель-Авивга халқаро ёрдам сезиларли даражада заифлашганига эътибор қаратган.