Жорий йилнинг 12-21 январь кунлари Австралиянинг Аделаида шаҳрида велоспорт бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказиладиган жаҳон кубогининг илк босқичида мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этади.
Жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон аёллар велоспорт терма жамоасининг асосини ташкил этувчи “Tashkent City“ велоспорт клуби 2024 йилги жаҳон кубогининг илк босқичи бўлган ”Santos Tour Down Under Womenʼs World Tour“ турнирида иштирок этиш мақсадида Австралияга йўл олди.
Мусобақа низомига мувофиқ аёллар ўртасида жами 16 та клуб иштирок этадиган беллашувлар 12-14 январь кунлари ўтказилади. Баҳсларда Ольга Забелинская, Янина Кускова, Мадина Қаҳҳорова, Маргарита Мисюрина, София Каримова, Нафосат Козиевадан иборат “Tashkent City“ клуби спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боради.
Аёллар ўртасидаги беллашувлар уч босқичдан иборат бўлиб, дастлабки кунда велоспортчилар 93,9 км., иккинчи кунда 104,2 км., якуний босқичда эса 93,4 км. масофали пойгаларда куч синашади.
Т. Рўзиев, ЎзА