14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида барпо этилаётган янги “Nukus city” мавзесидаги 16 қаватли уйлардаги хонадонлар Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий пенсионерлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.

Янги хонадон калитларини оилаларга топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари  Расул Зарикеев, шаҳар ҳокимлиги ва куч тузилмалари вакиллари, Нукус ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Нукус шаҳрида “Жеке терек” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилган 16 қаватли бинолардан ҳарбий хизматчиларга ҳам имтиёзли ипотека кредити асосида берилиши Ватан ҳимоячиларига ўзгача байрам туҳфаси бўлгани эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мавзеда ҳозир 5 та 16 қаватли уйлар қурилган бўлиб, улар халқимизга имтиёзли кредитлар асосида тақдим этилмоқда. Жорий йилда 30 нафар Мудофаа вазирлиги ҳамда 30 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиси 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрамини янги хонадонларда кутиб оладиган бўлди.

Янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари