Жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари пойтахтимизда оғир атлетика бўйича қитъа чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.

Юртимизда ташкил этилаётган 2024 йилнинг илк нуфузли спорт мусобақасига тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда? Ушбу қитъа чемпионатида қанча мамлакатнинг неча нафар спортчиси “Париж-2024” Олимпия ўйинлари рейтинг очколари учун кураш олиб боради?

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Азамат Шариповнинг билдиришича, Осиё оғир атлетикачилари учун “Париж-2024” Олимпиадасининг сўнгги рейтинг мусобақаси ҳисобланган мазкур нуфузли мусобақада 34 та мамлакатнинг 250 нафардан зиёд спортчилари иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.

Осиё чемпионати йилнинг энг муҳим халқаро мусобақаси бўлгани сабабли мамлакатимизда ташкил этилаётган мусобақани кузатиб бориш учун Ўзбекистонга Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбарияти, Осиё оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзолари, Халқаро антидопинг агентлигининг 4 нафар эксперти келиши кутилмоқда.

Тошкент спорт майдонида ўтадиган мусобақаларни “Париж-2024” Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси аъзолари, Халқаро олимпия қўмитаси мутахассислари онлайн кузатиб бориши ҳам бу йилги қитъа чемпионатининг нуфузи нечоғли баландлигидан, жаҳон спортининг етакчи мутахассислари нигоҳи мамлакатимизга қаратилаётганидан далолат.

Хўш, таркибида Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг ғолиблари Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Рустам Жангабоев, Достон Ёқубов, Муҳаммадқодир Тоштемиров каби маҳоратли спортчиларни жамлаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъа чемпионатига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

– Тошкентда ўтадиган бу галги қитъа чемпионати олдинги мусобақалардан ўз мавқеи билан алоҳида ажралиб туради. Унда “Париж-2024” Олимпиадаси рейтинг очколари ўйналиши терма жамоамиз учун катта масъулият юклайди, албатта. Ҳозирда тайёргарликни белгиланган режа асосида олиб бормоқдамиз. Тошкент мусобақаларида қатнашадиган асосий таркиб билан қитъа чемпионати олдидан сўнгги ўқув-йиғин машғулотларида қатнашиш учун Озарбайжон пойтахти Бокуга йўл олмоқдамиз. У ердаги машғулотларимиз 4 февралга қадар давом этади. Аёллар терма жамоамиз эса чемпионатга тайёргарликни Чирчиқда давом эттиради. Чемпионатда иштирок этадиган асосий таркибни мусобақа бошланиши олдидан эълон қиламиз, — дейди миллий терма жамоа бош мураббийи Баҳром Мендибоев.

Мазкур чемпионатнинг ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтишини таъминлаш учун дунёнинг бир қатор давлатларидан 40 нафардан зиёд оғир атлетика ҳакамлари, мутахассислари, экспертлар Тошкент спорт майдонларида хизмат кўрсатиши белгиланган.

Яна бир эътиборли жиҳат, қитъа чемпионатининг сўнгги кунида пойтахтимизда Осиё оғир атлетика федерациясининг навбатдаги конгресси, ижроия қўмита йиғилиши, мураббийлар ва ҳакамлар семинарлари ташкил этилади. Айнан мазкур тадбирларда Осиё оғир атлетика федерациясининг кейинги тўрт йиллик фаолиятига дахлдор бўлган муҳим қарорлар қабул қилиниши  кутилмоқда.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА