Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимларининг шахсий таркиб билан ўтказган навбатдаги профилактик учрашуви божхона ходимларининг коррупция иллатига қўл урмаслиги, таъмагирлик ва порахўрлик иллатларидан сақланиши, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик масалаларига бағишланди.
Учрашувда божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида яратилаётган шароитлар, уларга тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил тўхталиб, фақатгина ҳалол меҳнат билан виждонан хизмат қилиб билдирилган ишончни оқлашимиз лозимлиги яна бир бор уқтирилди.
Таъкидлаш жоизки, миллат заволи, жамият емирувчиси ҳисобланмиш коррупция иллати ҳар қандай замонда ҳам қораланиб келинган. У жамият ривожига болта уриб, халқнинг адолат ва гўзал келажакка бўлган ишончини йўққа чиқаради.
Бошқарма ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида таъмагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятлар ҳамда бошқа салбий қонунбузилиши ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш бўйича шахсий таркиб ўртасида ўтган йил бошидан жами 4 маротаба умумий профилактик йиғилиш ўтказилди. Хизмат вазифаларини бажариш чоғида ходимларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида шу давр мобайнида 3 маротаба хуфёна текширувлар ўтказилди.
Бу каби профилактик тадбирларнинг ўтказилиши тизим ходимларининг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишига ҳамда божхона соҳасининг коррупциядан холи тизимга айланишига замин яратади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири