Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда қўмитанинг ўтган йилдаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Қўмита раиси Мавлуда Хўжаеванинг қайд этишича, қўмита томонидан ўтган даврда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигига кўмаклашиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш каби муҳим йўналишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга устувор аҳамият қаратилди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган илгари мавжуд бўлмаган “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун устида иш олиб борилди.

Ҳисобот даврида қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича жами 32 та ишчи гуруҳ, 13 та экспертлар гуруҳи йиғилиши ўтказилган. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда улар якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 22 та депутат сўрови юборилган.

Қўмита аъзолари бандлик дастурларининг ижро этилиши ҳолати, янги иш ўринларини ташкил этиш, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида назорат-таҳлил тадбирларини ўтказди.

Қўмита номига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 417 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, салмоқли қисми ҳал этилди. Шунингдек, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни ўрганиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида қўмитага келиб тушган мурожаатларда фуқаролар томонидан 7 та қонун ҳужжатига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар билдирилди.

2023 йилда қўмита аъзолари ўз сайлов округларида турли масалалар юзасидан 496 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабулини ташкил этди. Улар томонидан кўтарилган 520 дан ортиқ масаланинг аксарият қисми депутатлар саъй-ҳаракати билан бартараф этилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА