Ёзувчи – Ўзбекистонда бу сўз мағрур жаранглайди

Тугаётган 2023 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда ва Россияда давлатнинг ёзувчиларга, умуман, адабиётга муносабати қандайлигини таққослаш имкониятига эга бўлдим. Мен Тошкентга келганимда дўстларим, Санкт-Петербургда китоблари чоп этилаётган ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил ва унинг рафиқаси шоира Хосият Рустамова билан учрашдим.
Дўстларим мени Адиблар хиёбони ва Ёзувчилар уюшмасининг Шарқ эртакларидаги саройни эслатувчи биносига олиб боришди. Мен ўзбек ижодкорлари билан суҳбатлашдим. Ҳаммамиз адабиёт олами билан боғланганимиз учун Ўзбекистонда ва Россияда адабиёт аҳлига муносабат қандай эканлигини муҳокама қилдик. Тушундимки, Ўзбекистонда “ёзувчи” деган сўз бугунги кунда мағрур жаранглайди. Россияда эса, афсуски, йўқ. Мана, ўзингиз хулоса қилинг…
Россияда ёзувчи ким? Ҳеч ким. Одамларга ёзувчиман, десанг, жавобан марҳамат юзасидан кулимсираб, истеҳзо билан: “Вой, ҳозир ҳамма ёзади: бухгалтер Танечка ҳам, қўшнимиз Марья Васильевна ҳам, унинг невараси ҳам ёзади”, дейишади. Бухгалтер Танечкадан фарқли ўлароқ, мен профессионалман, деб тушунтирмоқчи бўласан, Ёзувчилар уюшмасига аъзоман, халқаро мукофотларни олиб турибман, дейсан, улар эса елкаларини қисиб, нима бўпти, дейишади. Чиндан ҳам, нима бўпти? Чунки бухгалтер Танечка ҳам, ростмана ёзувчи ҳам бир хил аҳволда. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари худди бухгалтер Танечкадек, нашриётда китобларини бепул чоп эттиролмайдилар. Профессионал ёзувчи ҳам, ҳаваскор ҳам китобини нашр қилдириш учун бир хилда пул тўлайди. Агар ҳаваскорнинг пули кўпроқ бўлса, у ўзининг “дурдона асар”ларини кетма-кет чоп эттираверади, ёзувчи эса ғаладонига ташлаб қўйиш учун ёзишга маҳкум бўлади. Кейин эса китобхонлар таассуф билдиришади: “Толстой ва Достоевскийларнинг замони ўтди. Ўқийдиган ҳеч вақо йўқ”. Замонамизнинг Толстой ва Достоевскийлари китобларини бепул нашр қилдиролмайдилар.
Бепул китоб нашр этиш
Ўзбекистонда аҳвол қандай? Ўзбекистонда, агар сен тан олинган, Ёзувчилар уюшмасига аъзо ижодкор бўлсанг, китобларингни Уюшма қошидаги нашриётда бепул чоп этишади. Муаллиф қалам ҳақи ҳам олади (ахир эртак эмасми бу?), унинг асарлари кутубхоналар, мактаблар, олий ўқув юртларига тарқатилади. Ҳамкасбларим менга Россияда ҳам китоблар нашрига грантлар ажратилади, деб эътироз билдиришлари мумкин. Хусусан, Петербургда грантни Смольний ажратади. Савол туғилади: Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганларнинг нечаси китобини чоп эттириш учун мана шу грантни олган? Улар бармоқ билан саноқли. Яна китобнинг адади жуда кам, қалам ҳақи йўқ, қолаверса, ёзувчининг ўзи адад учун пул тўлаши керак, фақатгина бир неча ой ўтибгина унинг бу харажатларини қоплаб беришади. Агар ёзувчи нафақа оладиган кекса бўлсаю, пули бўлмаса, адад учун қандай пул тўласин? Кредит олсинми?.. Грант танловида иштирок этишни истаганларнинг ҳаммасидан қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бадал пули олишади, агар грантни ютолмаса, пул қайтариб берилмайди. Хўш, бу пирамида бўлмай нима? Ўзингиз хулоса қилинг. Ўнлаб ёзувчилар бадални тўлашган, натижада мўмайгина пул тушади ва бу маблағга ғолибнинг китобини нашр қилишади. У ҳолда грантга ажратилган маблағ қани?.. Балки бу жараённинг баъзи нозик жиҳатларини билмасман. Фақат шуни айтаманки, нашр йўлида нималардир қилишяпти, лекин у шунчалар кичкинаки, ҳеч бир иш қилинмаганга ўхшайди.
Драматурглар учун буюртмалар
Ўзбекистонда, Россиядан фарқли ўлароқ, драматурглар учун давлат буюртмалари мавжуд. Бу иш қандай амалга оширилади? Давлат ижтимоий аҳамиятга молик йигирмата мавзуни эълон қилади, шу мавзулардан биронтаси ҳақида пьеса ёзишни истаганлар ўз ғоясини танловга тақдим этади, энг муносиби буюртмани олади. Менга кимдир шу тариқа “ёзувчиларни сотиб олишади” ва ҳ.к. деб кўрсин. Мен жон деб “сотилган” бўлардим, ўзимга маъқул келган мавзулардан бирида, масалан, экология, болаларнинг етим қолиши мавзусидами, пьеса ёзардим, осойишта, хотиржам ўтириб, нон топишни ўйламасдан ишлардим, натижада, спектаклга ҳам, пулга ҳам эга бўлардим. Россия ёзувчи ва ноширлар уюшмалари ассоциацияси аъзолари учун резиденциялар ташкил этганмиз, масалан, антиутопия мавзусидаги асар учун танлов эълон қилинади, тўлиқ давлат таъминотида ўтириб ишлаш учун резиденцияга боравер, дейишади. Яна савол туғилади: резиденцияга қанча ёзувчи борган? Ўн кишими? Йигирма кишими? Мамлакатимизда уларнинг сони бир неча ўн баробарга ортиқ. Наҳотки муносиб ва истеъдодли ёзувчилар шунча кам? Яъни, юқорида айтилгандек, нимадир қилиняпти, лекин оз қилиняпти.
Танловлар
Оҳ, Россияда адабий танловлар бирам кўпки! “Катта китоб”, “Ясная Поляна”, “Сеҳрли саҳифалар”, ҳатто “Шўр балиқ” дегани ҳам бор. Жами элликка яқин танловлар, ҳаммасининг номини айтолмайсиз, аслида бунинг кераги ҳам йўқ. Моҳияти битта: аксарияти – бепул, ғолиб виртуал ёрлиқ олади, тамом. Танловларнинг кўплиги ва уларнинг аҳамияти кичкиналиги уларда ғолиб чиқишни ҳам қадрсиз қилиб юборади. Хўш, одатдаги “қоғоз”ни ҳам оларсан, нима бўпти? Танловларда ғалаба қозонганинг нашриётлар сенинг истеъдодингга ишониб, китобингни текинга босади, дегани эмас. Умуман, ғолиблик ҳеч нарса бермайди ҳам. Мен бир неча марта ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлганман, у ерда нималар бўлишини ўз кўзларим билан кўрганман. Агар танловда йирик пул маблағлари берилиши назарда тутилса, ғолибни ҳам “тайинлашади”, натижада ўша-ўша одамлар ғолиб чиқади – уларнинг исм-шарифини айтмай қўя қолай.
Бу борада Ўзбекистонда аҳвол қандай? Турли-туман танловлар кўп эмас. Лекин марказлашган битта – наср, шеърият, публицистика, драматургия, бадиий таржима ва бошқа номинациялари бўлган “Йилнинг энг яхши асари” танлови бор. Агар сен ғолиб чиқсанг, билки, сенинг асаринг – энг яхши асар. Учта номинацияда биринчи ўринни олганлар ғалаба нашидасию, эътирофдан ташқари, йириккина пул мукофотлари олишади.
Ижодий сафарлар
Ўзбекистонда ижодий сафарга чиқиш учун ариза бериш мумкин. Сафарга чиқиш учун албатта йирик асар, масалан, роман ёзаётган бўлишинг шарт эмас, очерк ёзиб келиш учун ҳам сафар қилиш мумкин. Маблағлар Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фондидан ажратилади. Бизда бунақаси йўқ.
Ёзувчилар учун турар-жой
Ўзбекистонда ёзувчилар учун махсус кўп қаватли уйлар қуришади, ундаги хонадонларни, албатта, бепул беришмайди, лекин уларни имтиёзли фоиз шартлари асосида ипотека кредитига сотиб олиш мумкин.
Ўзбекистонда ёзувчилар учун мамлакатнинг иккита гўзал туманида – Зоминда ва Паркентда санаторийлар қурилган.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Дўрмон” ижод уйи бор, бу ёзувчилар учун дала ҳовлилари ва меҳмонхонадир. Бу ерда дам олиш ва ижод билан шуғулланиш мумкин.
Адиблар хиёбони
Тошкентнинг қоқ юрагида Адиблар хиёбони бор. Уларга Навоий ва Бобурдан бошлаб то яқинда вафот этган қалам аҳлидан 26 кишига ҳайкал ўрнатилган. Хиёбон жуда кўркам, салқин жой, бу ерда аввало, ажойиб ҳайкаллардан ташқари ёшларнинг кўплиги эътиборни тортади. Ёшлар учун Адиблар хиёбони севимли масканга айланган. Ёшлар кўп сонли йўлкаларда шунчаки сайр қилишмайди, ҳайкаллар пойида тўхтаб, уларни томоша қилишади, тошга ўйиб битилган ёзувларни ўқишади, нималарнидир муҳокама қилишади. Биздачи? Менга эътироз қилиб Петербургда ҳам ўзига хос Адабиёт хиёбони бор, у Волков қабристонидаги “Адабий кўприклар” номли музей-некрополь дейишлари мумкин. Лекин бу ўринда таққослаш одобдан бўлмайди. Чунки Петербургдагиси – қабристон, Тошкентдагиси – шаҳар марказидаги файзли майдон. Қабристонга боришни кўп ҳам хоҳлайвермайди киши, у ерда баралла гапиролмайсан, кула олмайсан, Тошкентдаги Адиблар хиёбони эса ўзининг шодиёна муҳити билан кишини жалб қилади. Шунда ўз-ўзидан ғамгин қиёслаш туғилади: Россияда адабиётнинг ўрни – қабристонда, Ўзбекистонда адабиётнинг ўрни – жамият ҳаётининг қоқ марказида.
Мутолаага муҳаббатни тарбиялаш
Ҳозир болалар ва ёшлар катта авлодга қараганда камроқ мутолаа қилаётганлари сир эмас. Бу маъюс аҳволни тузатиш учун Россияда нималар қилишяпти? Билмадим… Агар алоҳида ташаббускорлар нимадир қилаётган бўлсалар ҳам у давлат миқёсида эмас, маҳаллий доирада бўляпти. Бу муаммо Ўзбекистонда қандай ҳал этилмоқда? Масалан, энг кўп мутолаа қилган ёшларни аниқлайдиган танловлар уюштирилмоқда. Ғолиб чиққанга бериладиган соврин – автомобиль. Мамлакатнинг турли ҳудудларида Ижод мактаблари бор, уларга
улуғ ўзбек ёзувчи ва шоирларининг номи берилган. Бундай мактабда ўқиш учун истеъдодли болалар имтиҳон топширадилар, у ерда 6-синфдан то 11-синфгача бепул таълим оладилар. Бизда Ижод мактаблари йўқ, агар ташкил қилишса ҳам бу мактабларда таълим олишни истовчилар топилмайди. Чунки Россияда ёзувчи қадрланмайди, Россияда “ёзувчи” сўзи мағрур жарангламайди.
Ольга Шпакович,
Санкт-Петербург Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.