Жанубий Кореянинг Кангвон ҳудудида ўтадиган IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинларининг бошланишига 14 кун қолди.
70 дан зиёд давлатнинг 1800 нафар спортчиси иштирок этиши кутилаётган мазкур қишки Олимпия ўйинларида икки нафар ўзбекистонлик спортчи мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланган.
Айни кунларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сабина Режепова ва Рауан Раимқулов мураббийи Сафар Эгамбердиев бошчилигида Кореяда ўтказилаётган “Dream Program-2024″ лойиҳаси асосидаги ўқув-машғулот йиғинларида қатнашмоқда.
Қишки Олимпия ўйинларига қадар давом этадиган мазкур машғулотлардан кейин ҳамюртларимиз Олимпиада баҳсларига киришади.
Куни кеча Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси спортчиларимизнинг қишки Олимпия ўйинларидаги мусобақалар дастурини эълон қилди.
Унга кўра, спортчиларимиз 21 январь куни ўтадиган супергигант дастури билан Олимпиададаги иштирокини бошлайди. Шундан сўнг 22 январда супергигант ва слаломдан иборат комбинация баҳсларида омадини синаб кўрса, 23 январь куни Сабина Режепова (гигант слалом), 24 январда Рауан Раимқулов (гигант слалом) мусобақаларда ҳаракатланади.
Ўзбекистон спортчилари қишки Олимпия ўйинларидаги иштирокини 25 январь куни ташкил этиладиган слалом баҳслари билан якунлайди.
Эслатиб ўтамиз, 19 январь -2 февраль кунлари бўладиган IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинларида спортчилар 15 та спорт турининг 81 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Т. Рўзиев, ЎзА.