Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши маънавий-маърифий йўналишдаги муҳим ишларнинг режасини аниқ белгилаб берган тарихий анжуман бўлди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари маънавиятимиз, адабиётимиз, маданиятимиз, санъатимиз олдида тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида гапириб, вазиятга ечим топиш йўлларини аниқ, равшан белгилаб берди.
Нукус шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими томонидан ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, маърифат тарғиботчилари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган мажлис юқорида келтирилган масалага бағишланди.
Мажлисда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган муҳим вазифалар, унинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда маънавият ва маърифат ишларини янада ривожлантиришда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА