Аргентина ҳукумати Фолкленд (Мальвин) оролини Буюк Британиядан қайтариб олиш ниятида ва ушбу масалада музокара ўтказишга тайёр, дейилади мазкур мамлакат ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган хабарда.
“Аргентина ҳукумати ва халқи 191 йил аввал Буюк Британия томонидан ноқонуний босиб олинган Фолкленд, Жанубий Жоржия, Жанубий Сандвич ороллари ва уларга туташҳудудларда ўз суверенитети қайта тиклаш истагида. Ҳукумат ушбу масалада Бош ассамблеянинг тегишли резолюциясига биноан икки томонлама музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдиради”, — дейилади баёнотда.
Аргентинанинг янги сайланган президенти Хавьер Милей сайловолди кампаниясида Фолкленд оролини қайтариб олиш ниятида эканини маълум қилганди. Бу борада у дипломатик ечим имкониятларини кўриб чиқишга ваъда берганди. Бунга жавобан, Буюк Британия мазкур масалага қайтиш режаси йўқлигини айтган.
Аргентина билан Буюк Британия ўртасида Фолкленд ороли устидан суверенитет бўйича азалий баҳс давом этиб келмоқда. 1982 йилда икки мамлакат ўртасида бир неча ҳафталик уруш келиб чиққан эди ва уруш Аргентинанинг мағлубияти билан якунланганди.
2013 йилда оролда референдум бўлиб ўтди, натижада маҳаллий аҳолининг аксарият қисми орол Британиянинг денгиз орти ҳудуди мақомида қолишини ёқлаб овоз берди. Аргентина ҳукумати ўшанда овоз бериш натижалари ушбу мамлакатнинг оролга бўлган даъвосини ўзгартира олмайди, деб баёнот берганди.