Ҳозирги вақтда дунёда камида 2,2 миллиард одам кўриш қобилиятидан азият чекмоқда, улардан 43 миллиондан ортиғи умуман кўрмайди.

Брайл алифбоси кўзи ожиз инсонлар учун мулоқот воситаси бўлиб, таълим, жисмоний машқлар амалиётида катта аҳамиятга эга.

Кўзи ожизлар алифбоси яратувчиси франциялик Луи Брайл (1809-1852) бўлиб, ҳар йили у туғилган санада яъни,4 январь куни бутун дунёда Бутунжаҳон Брайл алифбоси куни сифатида нишонланиб келинади.

1809 йилда Франциянинг Куре шаҳрида туғилган Л.Брайл уч ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли кўр бўлиб қолди. Унинг ажойиб хотираси унга мактабда ўқиш имкониятини берди ва 1819 йилда Париждаги кўр болалар қироллик институтида ўқишни давом эттирди. Бу ерда у Валентин Гауйнинг релеф чизиқли тизими ёрдамида грамматика ва бошқа фанларни ўзлаштирди.

1828 йилда институтни тугатган Луи Брайл у ерда география, алгебра, сўнгра мусиқадан дарс бера бошлади. Шу билан бирга, у Париж черковида органчи бўлиб ишлади. 1829 йилда унинг “Нуқталар ёрдамида сўз, мусиқа ва қўшиқ ёзиш усули” асари Парижда алоҳида рисола сифатида нашр этилди.

Брайл алифбо ва рақамли белгиларнинг тегиниш воситаси бўлиб, барча ҳарфлар ва рақамларни, ҳатто мусиқий, математик ва илмий белгиларни етказиш учун олтита нуқтадан фойдаланади. Олти нуқта тахминан олти миллиметр баландликда, нуқта орасидаги масофа икки миллиметрга тенг. Тизим 64 та мумкин бўлган комбинацияни тақдим этади. Битта олти нуқта битта белгига мос келади.

1837 йилда Брайл алифбосида “Франция тарихи” деб номланган биринчи китоб нашр этилди. 1838 йилда эса кўзи ожизлар учун арифметика дарслиги нашр этилди. 1850 йилда Париж кўзи ожиз болалар институтида ўқувчиларнинг саводхонлик ўқув дастурига Брайл тизими расман киритилди.

Бир сўз билан айтганда, Брайл алифбоси дунёнинг кўплаб тилларига мослаштирилган, унда дунёнинг турли мамлакатларида минглаб китоблар нашр этилган. Замонавий технологиялар ривожига қарамай, Брайл алифбоси кўзи ожизлар учун саводхонликнинг асоси бўлиб қолмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА