АОКАда “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон архивлари портали ишга туширилиши ва архив ишидаги давлат назорати” мавзуида брифинг бўлиб ўтди. Унда “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев Ўзбекистон архивлари порталининг моҳияти ва келгуси режалар хусусида маълумот берди.

Қайд этилганидек, “Ўзархив” агентлиги томонидан давлат архивларининг архив хизматлари хақида ахборот берувчи Ўзбекистон архивлари портали (https://portal.archive.uz) ишга туширилди.

Мамлакатимизда архив соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини ёритиб берувчи мазкур портал архив ҳужжатлари ва бошқа турдаги материалларни тезкор, қулай усулда фойдаланувчи ва тадқиқотчиларга етказиш ҳамда шу билан бирга, аҳолининг барча қатламларига архив соҳасидаги ҳуқуқий маданиятни сингдиришга қаратилган кўргазмали материалларни доимий равишда янгилаб, электрон шаклда тарқатиш имкониятини беради.

Йўлга қўйилган порталда Ўзбекистон ва жаҳонда архив иши йўналишида бўлаётган янгиликлар эълон қилинибгина қолмай, ташкил этилаётган анжуманлар тўғрисида хабарлар ва илмий мақолалар ҳам бериб борилади. Платформа ҳар бир Архив иши ҳудудий бошқармаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиб, улар тасарруфидаги давлат архиви ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган. Мазкур порталдан барча ташкилотлар иш юритувчилари ва архивчи ходимлари, шунингдек жисмоний шахслар ҳам фойдаланишлари мумкин.

“Ўзархив” агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2023 йилда 317 та вазирлик ва идора ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимларида архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати тадбирлари ўтказилди. Текширишларнинг 39 таси Агентлик томонидан, 278 таси архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган.

Ўтказилган давлат назорати текширишлари бўйича 287 та ташкилотга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-4-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган 37 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли судларга юборилган бўлса, 2 та ташкилотда ўтказилган текширишлар бўйича тўпланган материаллар прокуратура органига тақдим этилган.

Текширишлар давомида асосан қуйидаги қонунбузилишлар аниқланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларини белгиланган муддатларда давлат архивларига топширмаслик, архив ҳужжатларининг қимматлилиги бўйича экспертизадан ўтказмаслик, жумладан, архив рўйхатларини тузмаслик, ҳужжатларни тартибга келтирмасдан сақлаш, архив хоналарига бўлган талабларга риоя этмаслик кузатилди.

Шунингдек, иш юритиш қоидаларига риоя этмаслик, жумладан, иш юритиш йўриқномалари, йиғмажилдлар номенклатуралари ишлаб чиқмаслик, архив иши ва иш юритишга масъулларнинг билим ва малакалари етишмаслиги ҳамда тегишли малака ошириш курсларида ўз малакаларини оширмаслик ҳолатлари аниқланмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА