Исроил армияси уч ой давомида Ғазо секторида 65 минг тоннадан ортиқ портловчи моддадан фойдаланган. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
“Исроил жангчилари Ғазо секторига қарши кенг қамровли геноцид уруши давомида 45 мингдан ортиқ ракета ва бомба ташладилар. Улардан баъзилари бир тонна оғирликда бўлган ва улар тинч аҳоли масканларини вайрон қилишга ишлатилган”, – дейилади хабарда. Исроил армияси Ғазо секторига ҳужумларида оғирлиги 65 минг тоннадан ортиқ бўлган портловчи моддалардан фойдаланган.
“Бу Япониядаги Хиросимага ташланган учта ядровий бомбанинг кучидан кўпроқ”, – дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, унда айтилишича Исроил самолётлари томонидан Ғазо сектори шаҳарларига ташланган бомба ва ракеталарнинг тахминан учдан икки қисми бошқарилмаган ёки носоз бўлгани таъкидланган. Бундай бомбалардан фойдаланиш халқаро ҳуқуқ ва турли халқаро шартномаларни очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади, дея таъкидланмоқда.
Яна ҳисоботда қайд этилишича, Исроил тинч аҳоли, болалар ва аёлларга қарши халқаро миқёсда тақиқланган тахминан 9 турдаги бомба ва ракеталардан фойдаланганини ҳужжатлаштирган.