ФОТОРЕПОРТАЖ

Мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор самарасида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида ҳам хусусий корхоналар сафи тобора ортмоқда. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси туман бўлимида жами мингдан ортиқ корхона аъзоликка қабул қилинган бўлиб, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аёллар ҳамда ишсиз ёшлар махсус тадбиркорлик курсларида ўқитилиб, кейинчалик ўз бандлигини таъминлаши ва хусусий корхоналар ташкил этиши учун имтиёзли кредит ва субсидия маблағларини олишида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

Туман марказида яшовчи фуқаро Гулхумор Эшмуратова ҳам ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, “Talisman Textil” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган. Тикув цехи фаолиятини йўлга қўйиш ва жиҳозлаш учун тадбиркорга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси туман бўлими ёрдами билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг лойиҳаси асосида 100 миллион сўм грант маблағи ажратиб берилган. 10 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган ушбу корхонада ҳозирда буюртма асосида турли хилдаги либослар, пардалар ва уй-рўзғорда фойдаланиладиган буюмлар тайёрланмоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА