Муносабат

2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида бу ҳақида маълум қилдилар.

“Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир”, – деди Президентимиз.

Президентимиз ўз табрикларида Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини кўпайтириш, хотин-қизлар ва нуронийларга, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилишига, Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга  кўтариш тўғрисида ҳамда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Қуролли кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш устувор вазифа эканлиги, мухтасар қилиб айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этилиши тўғрисида гапирдилар.

Ҳақиқатда, бугунги кунда юртимизда ёшларнинг илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллашлари учун барча куч ва имкониятлар ишга солиниб, уларнинг таълим-тарбиясига, касб-ҳунар сирларини эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёшларни иш билан таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омил ва манба бўлиб хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, хусусан, ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда катта куч бўлганлиги сабабли, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида юртимизда минглаб ёшлар ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесларини ривожлантириб, қўшимча иш ўринлари яратмоқдалар. Мамлакатимизда бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли, айниқса ёшлар учун янги янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни кириб келган янги 2024 йил билан самимий табриклайман. Янги йил хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака олиб келсин. Янги йил – янги имкониятлар ва улкан ютуқлар йилига айлансин!

 

Рахима Юлдашева,

ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Беруний тумани Кенгаши депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги