Токионинг Ханэда аэропортида соҳил қўриқлаш самолёти билан тўқнашиб кетган “Japan Airlines” йўловчи самолёти ёниб кетди. Самолёт бортида бўлганларнинг барчаси эвакуация қилинган, бироқ соҳил хавфсизлик хизмати самолётидаги беш киши ҳалок бўлган.
Ёнғинни ўчиришга 70дан ортиқ ўт ўчириш машинаси жалб қилинган. Хабар қилинишича, қирғоқ қўриқлаш самолёти зилзиладан жабр кўрган Япония ғарбига ёрдам ва жиҳозлар етказиб бериш учун ҳавога кўтарилишга тайёрланаётган бўлган.
Япония бош вазири Фумио Кисида миллий телевидение орқали чиқишида, кечаги зилзиладан жабр кўрган одамларга ёрдам бермоқчи бўлган қирғоқ қўриқлаш самолётининг олти экипаж аъзосидан беш нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Ханэда аэропорти Япония пойтахтидаги иккита халқаро аэропортдан биридир. Аэропорт йўловчи ташиш ҳажми бўйича дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади.