Дунё халқлари янги йилни қандай кутиб олгани ҳақида “Араб янгиликлари” (Аrab news) нашри маълум қилишича, Австралияда 1  миллиондан ортиқ одам Сидней опера театри ва Харбор кўприги атрофида тўпланиб, мушакбозлик намойишини томоша қилди.

Нью-Йоркдаги “Таймс сквер”да ўн минглаб одамлар шод-ҳуррамлик билан 2024 йил кириб келганини нишонлади. Полициячилардан иборат кичик армия шаҳар хавфсизлигини таъминлаш учун хизматда бўлди.

Франция бўйлаб катта оломон осмон ва иншоотлардаги ёрқин ранглар  шоусини томоша қилган бўлса, Грецияда Афина аҳолиси Акропол каби машҳур жойларда ажойиб мушакбозликнинг шоҳиди бўлишди.

Дубай мушакбозлик саҳнининг узунлиги бўйича рекорд ўрнатди, мушаклар денгиз соҳили бўйлаб 50 чақиримгача чўзилди..

Хитой янги йилни нисбатан хотиржам нишонлади, аксарият йирик шаҳарларда хавфсизлик ва ифлосланиш хавотирлари туфайли мушакбозлик  бўлмади. Шундай бўлса-да, Пекинда ранг-баранг либосларда одамлар йиғилиб, байрамона кайфиятда тилаклар битилган шарларни осмонга учирди.

Тайвань пойтахтида одамлар кўтаринки кайфиятда бамбук шаклидаги Тайбэй 101 осмонўпар биносида чироқлар намойиши, шунингдек, мамлакат бўйлаб концертлар ва бошка тадбирларнинг иштирокчиси бўлишди.

Ҳиндистонда Мумбайнинг молиявий марказидан минглаб дам олувчилар Араб денгизи устида қуёш ботишини томоша қилган бўлса,  Янги Деҳлидаги мушакбозликлар 2024 йилнинг биринчи тонгида ҳаво сифати ёмонлиги билан машҳур бўлган пойтахтда заҳарли туман хавотирини кучайтирди.

Япония бўйлаб одамлар Токиодаги Тсукижи ибодатхонаси каби гўшаларда тўпланиб, катта қўнғироқни чалиш учун навбатда турганларида бепул иссиқ сут ва маккажўхори шўрваси билан таъминланди.

Рио-де-Жанейронинг Копакабана соҳилида 2 миллионга яқин одам  12 дақиқалик феерверкни томоша қилиш учун енгил ёмғир остида тўпланди.

Ватиканда Рим папаси Франсиск 2023 йилни уруш азоблари билан эсда қолган йил деб атади. Анъанавий якшанба куни авлиё Пётр майдонига қараган деразадан фотиҳа қилар экан, у “чарчаган украин халқи, Фаластин

ва Исроил аҳолиси, Судан халқи ва бошқа кўплаб одамлар” учун ибодат қилди.

Россияда Украинадаги жанговар ҳаракатлар туфайли йил якуни тантаналарига ўтган йилгидек Қизил майдонда мушакбозлик намойиши ва концерт бекор қилинди.

Тель-Авивдаги осмонўпар бинолар 80 кундан ортиқ Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилишга чақириқ сифатида сариқ рангда ёритилди.

Ғазо секторида кўчирилган фаластинликлар вақтинчалик қочқинлар лагеридаги гулхан атрофида байрам шукуҳидан мосуво ҳолда тўпланишди.

Ироқда ўзгача рамзлар билан безатилган  арча Бағдод марказидаги Озодлик ёдгорлиги ёнига ўрнатилди. Кўплаб насронийлар бу йил Ғазо сектори билан бирдамлик учун байрамни бекор қилиб, вақтларини ибодат ва маросимлар билан чеклашга қарор қилди.

Аксарият мусулмонлар яшайдиган Покистонда ҳукумат фаластинликлар билан бирдамлик учун барча Янги йил байрамларини тақиқлади.

Германия ҳукумати янги йил арафасида дунёга машхур Кёльн собори каби меъморий обидалар ва шаҳар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўплаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари хизматини йўлга қўйди.

М.Пирматова, ЎзА