Аҳолига автотранспорт хизматини кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий шаклга ўтказиш, йўловчи ташиш сифатини яхшилаш долзарб масала ҳисобланади.

Шу сабабли Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Дастлаб Транспорт вазирлиги масъул ходимлари соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазирлик маълумотига кўра, Интернетда Тошкент шаҳрида автобусларнинг ҳаракат нуқтасини кузатиш мақсадида “Тошкент транспорти” мобил иловаси ишга туширилган.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортларининг оралиқ интерваллари қисқартирилиб, замонавий янги метро бекатлари фойдаланишга топширилди. Автобуслар ҳаракати учун айрим йўлларда алоҳида йўлаклар ташкил этилган ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилган.

Мунозаралар жараёнида соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида ўз ечимини кутаётган бир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра, транспорт хизматларини кўрсатишда камчиликлар бўйича аҳоли томонидан 252 мурожаат келиб тушган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жамоат транспортларида автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилмаган.

Бундан ташқари, йўловчи ташувчи жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларнинг ўрнатилмагани, темир йўл хизматлари кўрсатишда камчиликлар мавжудлиги жамоатчилик ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Муҳокамалар жараёнида Сенат аъзолари, депутатлар ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматларини янада такомиллаштириш учун зарур чоралар кўрилиши юзасидан аниқ таклиф ва тегишли тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА