Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Туркия Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар комиссияси раиси Фуат Октай билан учрашуви бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барқарор, дўстона тарзда ривожланмоқда. Қардош давлатлар раҳбарларининг яқин муносабатлари, барча соҳадаги ўзаро ишончи парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ф.Октай мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловининг халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ўтганини алоҳида қайд этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда “Ўзбекистон-Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган қатор ижобий ишлар эътироф этилиб, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда томонлар ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.

М.Комилова,  

ЎзА