Бугун пойтахтимиздаги “Intercontinental Tashkent” меҳмонхонасининг халқаро конференциялар залида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда “Рақамлаштириш даврида оммавий ахборот воситалари эркинлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва ОAВ ходимлари иштирок этишди. Мазкур халқаро йиғиннинг 2-сессиясидаги мавзуси “Сунъий интеллектнинг журналистикада қўлланилиши ва унинг сўз эркинлигига таъсири” ҳақида бўлди.
Тадбир аввалида иштирокчилар журналистика соҳасида сунъий интеллектдан (AI) фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилиб, ундан келиб чиқадиган хавф-хатарларга оид фикрлари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, сунъий интеллектнинг замонавий журналистикага сезиларли таъсири ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумки, технологик тараққиёт ва алгоритмларнинг ривожланиши медиа соҳасига маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тақдим этиш билан боғлиқ кўплаб жараёнларни автоматлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради, бироқ сунъий интеллектнинг барча афзалликларига қарамай, уни қўллашда маълум хавфлар мавжуд. Масалан, автоматик тарзда яратилган янгиликларга ишонч муаммоси мавжуд. Чунки “сунъий онг” сохта янгиликлар яратиш ёки маълумотни манипуляция қилиш учун дастурлаштирилиши мумкин. Натижада бу ҳолат нотўғри маълумотларни вужудга келтириши билан бирга оммавий ахборот воситаларига нисбатан ишончни ҳам сусайтириши мумкин.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар журналистикада сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида фактларни текшириш, шаффофлик ва масъулиятни таъминлаш муҳим деган фикрга келишди.
Ўткир Aлимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзA