Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қорлар эриши ва томлардан сумалакларнинг тушиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун эҳтиёт бўлиш ва иложи бўлса, бинолардан узоқроқ юришни тавсия қилди.

Қайд этилишича, бинодан чиқаётганда, томларда қор массалари, сумалаклар ва музларнинг тўпланиши, уларнинг тушиши мумкин бўлган жойларни четлаб ўтишга эътибор бериш керак. Болаларнинг хавфли деб ҳисобланган жойларда бўлишига йўл қўймаслик лозим.

Биноларнинг томидан қор ва сумалаклар тушишидан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чоралари:

қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлари баланд уйларга яқинлашмаслик, болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ва бўлишига йўл қўймаслик;

хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринмаслик, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтиш;

қулоқчин таққан ҳолда кўчада юрмаслик керак (томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмай қолиш мумкин);

пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқин эшитилса, тўхтамаслик керак. Қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган вақтда қочиб кета олмаса, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади;

автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўймаслик;

одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак.

 

ЎзА