Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларига тўхталди.
–Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз – бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда.
Ер юзидаги иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда.
Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда.
Афсуски, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди.
Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди.
Биз учун “Қорақалпоғистон ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!
Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.
Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!, – деди Ш.Мирзиёев.
ЎзА