Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизда инвестиция иқлимини яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш, бизнесни жадал ривожлантириш учун асос сифатида инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини самарали тартибга солиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, инвестиция жараёнининг маҳсулотни ташқи бозорларда илгари суриш якуний кўрсаткичлари билан суст боғланганлиги сақланиб қолмоқда. Давлат бошқарувининг амалдаги тизими инвестиция ва савдо масалаларини алоҳида тартибга солишга асосланган, бу эса мазкур соҳаларда ташкилий-ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Республиканинг инвестиция салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг устувор соҳа ва тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш, инвестиция киритиш жараёнининг рақобатбардош экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб ҳисоблансин:
биринчи – рақобатбардош экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга Ўзбекистоннинг устувор соҳа, тармоқ ва ҳудудларига инвестиция киритиш учун қулай инвестиция иқлими ва рағбатларни яратиш, шунингдек, ҳар бир давлат органи томонидан инвестицияларни фаол жалб қилиш ва савдони ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши;
иккинчи – мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал қилиш учун давлат молиявий воситалари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ресурслари ва техник кўмаклашиш воситалари (грантлари)дан фойдаланиш самарадорлигини оширишга имкон берувчи марказлашган инвестицияларнинг бошқарув тизимини яратиш;
учинчи – Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларини жадал ривожлантиришни таъминлаш, илғор технологияларни трансфер қилиш учун хорижий, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция иқлимини босқичма-босқич такомиллаштириш;
тўртинчи – республиканинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг хорижий инвесторлар, савдо бўйича ҳамкорлар, хорижий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро самарали алоқаларини таъминлаш;
бешинчи – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида оптимал божхона-тариф сиёсатини амалга ошириш, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялаш, бошқа кўп томонлама савдо-иқтисодий тизимлар билан ҳамкорлик қилиш;
олтинчи – экспорт қилувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, савдо, шу жумладан, ташқи савдо инфратузилмасини, электрон тижорат тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
еттинчи – маҳаллий товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, самарали транспорт йўлакларини шакллантириш, етказиб бериш географиясини диверсификация қилиш мақсадида замонавий логистика тармоқларини ривожлантириш;
саккизинчи – ташқи бозорларда маҳаллий товарларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун маҳсулотни сифат жиҳатдан бошқаришнинг замонавий тизимларини кенг жорий қилишни ҳамда уларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, савдонинг барқарор ўсиши ва инвестиция сиёсатини фаоллаштиришни таъминловчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги(кейинги ўринларда – Вазирлик);
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ваколатли вакиллари ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилсин.
Белгилансинки, Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлик:
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, хорижий, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштириш, халқаро молия институтлари (бошқарув офислари) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ўрта муддатли инвестиция сиёсати стратегияси ва Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси асосида ҳудудлар ва тармоқларнинг ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;
мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда экспортни қўллаб-қуватлаш стратегиясини, шу жумладан, уни рағбатлантирувчи инструментларни ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;
халқаро ва хорижий ҳукумат молия институтларининг жалб қилинадиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашиш воситалари (грантлари)дан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан марказлашган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Давлат ветеринария қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика марказининг ички ва ташқи бозорлардаги савдо фаолиятига таъсир қилувчи чораларни қўллаш қисми бўйича ҳаракатларини қонунчиликда белгиланган тартибда мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда давлат органлари ваколатларининг инвестициявий, шунингдек, савдо фаолиятига таъсир этиш нуқтаи назаридан хатловдан ўтказилишини таъминласин ва қўлланиладиган чораларни Вазирлик билан келишиш тартибини тасдиқласин.
4. Вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро самарали ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакилларининг, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий ҳамкорлик масалалари борасидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, келишиш ва имзолашда иштирок этиш;
инвесторлар билан доимий қайта алоқани йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар ва маҳаллий компанияларга кўмаклашиш, инвестиция таклифларини ишлаб чиқишни ташкиллаштириш;
ташқи савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизиминингсамарали ишлашига кўмаклашиш ва таъминлаш, ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
савдода тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ҳамда электрон тижорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва бошқа кўп томонлама иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш;
улгуржи ва биржа савдоларини тартибга солиш масалаларини мувофиқлаштириш, бозор ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва товарлар нархлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш;
ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, транзит салоҳияти даражасини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, шунингдек, экспорт маршрутларини диверсификация қилиш масалаларини илгари суриш.
5. Белгилансинки:
Вазирлик инвестиция ва савдо фаолиятига, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни ўрганишни таъминлайди;
Вазирликнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир;
давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Вазирликнинг сўровига кўра тегишли маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади;
Вазирлик тегишли идораларнинг инвестиция циклининг ҳар бир босқичида инвесторларга ҳамроҳлик қилиши, бюрократик кўринишларнинг олдини олган ҳолда юзага келаётган ташкилий масалаларни, шу жумладан, инвестициядан кейинги даврда ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб борилишини ташкил қилади;
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, устав капиталида давлат улуши устун бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ташаббуси билан қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ эквивалентдаги инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги келишувлар Вазирлик билан олдиндан келишилиши шарт;
давлат органлари ва ташкилотларга инвесторлар, шунингдек, инвестиция иштирокидаги ташкилотлардан келиб тушган мурожаатларни Вазирлик томонидан мониторинг қилиш учун уларнинг нусхалари мурожаатлар келиб тушган кундан бошлаб бир кун муддатда “Инвестиция портали”га жойлаштирилади;
Вазирлик доимий асосда инвесторлар мурожаатлари тўғрисидаги маълумотларнинг умумлаштирилишини таъминлайди ва инвесторларнинг, шу жумладан, салоҳиятли инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади;
инвестициялар, савдо ва иқтисодий тартибга солиш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Вазирлик билан келишилиши лозим.
6. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
а) ваколатли давлат органлари ва ташкилотларда, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида қуйидагиларни амалга ошириш имконини берувчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклиф киритсин:
инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, инвесторлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилиш, тегишли тармоқ ёки ҳудуднинг инвестиция салоҳияти тўғрисидаги статистик маълумотлар ва ахборотларни тизимлаштириш;
давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган инвесторлар ва инвестиция иштирокидаги ташкилотлар мурожаатларининг кўриб чиқилишини мониторинг қилиш;
б) 2019 йил 1 мартга қадар “Инвестиция портали”да инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инвесторлар мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларининг марказлашган маълумотлар базасини ишлаб чиқсин ва жорий қилсин;
в) Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими негизида ташқи савдо статистикасини ҳисобга олиш, мониторинг ва таҳлил қилиш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари ва қарз маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар, кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлик фаолиятини молиялаштириш, унинг ходимларини рағбатлантириш (иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа мукофот пулларини тўлаш) манбалари ҳисобланади;
Вазирлик ходимларининг меҳнатига бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳақ тўлаш шартлари инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
8. Вазирликка халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этилган ва фаолият юритаётган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларини, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари мутахассисларини инвестиция циклининг барча босқичларида инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнларига жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
ушбу Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларининг инвестиция ва савдо соҳасидаги вазифалари, функциялари ва ваколатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни;
Вазирлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 28 январь