ЎзА Сенегал ахборот агентлиги билан меморандум имзолади

11

Ўзбекистон Республикасининг чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан дўстона муносабатни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юртимизга нисбатан қизиқишни кучайтириб, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Изчил ислоҳотлар, ўз навбатида, медиа тузилмалари олдига жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш вазифасини қўймоқда.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг Африка қитъаси давлатлари билан ҳам турли соҳалардаги ҳамкорлиги кўлами кенгаймоқда. Айни жараёнда минтақада алоҳида ўринга эга Сенегал билан мунтазам ахборот алмашиш муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, ЎзА Сенегал Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Сенегал ахборот агентлиги (Agence de Presse Sénégalaise – APS) билан Англашув меморандумини имзолади.

Мазкур ташаббусни Африка минтақаси билан ахборот соҳасида шериклик ўрнатиш йўлидаги дастлабки қадам, дейиш мумкин. Ҳозиргача минтақанинг бирор давлати билан айни йўналишда ҳужжат имзоланмаган.

Маълумот ўрнида: Қароргоҳи Дакар шаҳрида жойлашган Сенегал ахборот агентлиги (APS) мазкур республиканинг расмий ахборот агентлиги бўлиб, 1959 йилда ташкил этилган. Асосан француз, инглиз, испан ва араб тилларида маълумот тарқатувчи ушбу нашр Европа, Африка ва Осиё бўйлаб 10 га яқин ҳамкор билан келишув имзолаган. Шунингдек, агентлик тасарруфида телевидение фаолият кўрсатади, ойлик журнал чоп этилади.

Ушбу муҳим ҳужжатни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва Сенегал ахборот агентлиги раҳбари Момар Дионг онлайн тарзда имзоладилар.

Видеомулоқот тарзида кечган учрашувда A.Kўчимов жаҳон миқёсида ОАВ билан алоқаларни мустаҳкамлаш агентлик учун стратегик вазифа ҳисобланишини қайд этди.

– Айни пайт биз дунёнинг кўпгина йирик ахборот агентликлари билан фаол ахборот алмашяпмиз, – деди ЎзА раҳбари. – APS билан шериклик эса ўқувчиларимизни нафақат Сенегал, балки бутун минтақа билан боғлиқ воқеа-ҳодисалардан тезкор хабардор қилиш имконини яратади. APS ЎзАнинг Африка минтақасидаги биринчи ахборот ҳамкори.

Эътиборли жиҳати, мазкур меморандум икки давлат ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик доирасида мамлакатларимиз ҳаётига оид долзарб мавзуларни, минтақавий ва глобал масалаларни ёритиб бориш, турли маданиятлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш орқали ЎзА ва APS ўртасида холис, ишончли ахборот майдони яратишга қаратилган.

– ЎзА билан шериклик ўрнатилаётганидан мамнунмиз, – деди APS Бош директори Момар Дионг. – Таъкидлашим жоиз, бу биз учун Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлик йўлидаги дастлабки қадам. ЎзАнинг француз тилида чиқадиган мақолаларини кузатиб бораман. Агентлик Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон янгиликларини ишончли манба сифатида жамоатчиликка тарқатмоқда. Биз француз тилида сўзлашувчи мамлакат сифатида бу ахборотлардан кенг фойдаланамиз ва бўлишамиз.

Меморандумга мувофиқ, энди икки агентлик мунтазам ахборот ва тажриба алмашади, мақола, фото ва видео лавҳалардан ўзаро фойдаланиш имконига эга бўлади.

Дарвоқе, Сенегал ахборот агентлиги ҳам ўз сайтида ЎзА билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳақида хабар берди. Мақолада APS жамоасининг хорижий ҳамкорлари қаторидан Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб мамлакатимиз етакчи расмий ахборот агентлиги ўрин олганидан мамнунлиги қайд этилган. Шунингдек, самарали ўзаро шериклик давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирилган.

Ўткир Алимов, ЎзА