Туркиянинг Истанбул шаҳрида 80 дан зиёд давлат вакиллари иштирокида ўтган Phygital International жаҳон саммитида 2025 йилги “Келажак ўйинлари” комплекс мусобақасига мезбонлик қиладиган давлат номи эълон қилинди.

Бир қатор мамлакатлар даъвогарлик қилган “Келажак ўйинлари”нинг 2025 йилги баҳслари мезбонлиги борасида Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳри Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридан кўп овоз олишга муваффақ бўлди.

Саммит давомида 2026/2027 йиллардаги “Келажак ўйинлари”ни ўтказишга номзод шаҳарлар масаласи муҳокама қилинди.

2025 йил иккинчи бор ташкил этиладиган “Келажак ўйинлари” жисмоний ва рақамли мусобақаларда юқори маҳоратини намойиш этадиган минглаб спортчиларни бирлаштириши билан аҳамиятлидир.

Айтиш лозим, “Келажак ўйинлари” беллашувлари бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақа саналади.

Жорий йилнинг 21 февраль — 3 март кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган илк “Келажак ўйинлари”да 100 дан ортиқ мамлакатдан 300 та жамоа қаторида мамлакатимиз вакиллари фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда ўз омадини синаб кўрганди.

Эслатиб ўтамиз, Татаристон пойтахтида “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон 2026 йилги “Келажак ўйинлари” мусобақасига мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирган эди.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА