Сўнгги йиллари мамлакатимизда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестицион, гуманитар соҳалар ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада яқин ҳамкорлардан саналган Россия Федерацияси билан Ўзбекистон ўртасида яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида кўплаб битимлар имзоланган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Россия Федерациясининг саноат ва ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни яратиш анча ривожланган Татаристон ва Бошқирдистон Республикалари билан яқин шериклик муносабатлари ўрнатилмоқда.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев учрашиб, кўп томонлома шериклик юзасидан музокаралар олиб борди.
Мамлакатимизда турли миллат вакиллари, шу жумладан, бошқирдлар ҳам бир оила фарзандларидек тинч-тотувликда яшаб келмоқда. Уларнинг маданий мероси, анъаналари, урф-одатлари ва она тилини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда Бошқирдистон Республикасида хизмат сафарида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов бошчилигидаги делегация Сибай шаҳрида ташкил этилган VI “Заурале-2024” инвестицион форумида иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига Қорақалпоғистон Республикасининг инвестицион имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгаши доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди.
Россия Федерацияси ҳудудлари билан музокаралар доирасида саноат, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, туризм, сайёҳлик, логистика, ип-калава, тайёр трикотаж, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича умумий қиймати 328 миллион долларлик 64 та ҳужжат, шундан 131,2 миллион долларлик 22 та инвестицон лойиҳа, 184,7 миллион долларлик 32 та экспорт, 12,1 миллион долларлик 10 та импорт щартномаси бўйича келишувга эришилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ҳамда Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ўртасида ана шундай кенг қамровли шериклик юзасидан битимлар имзоланиши турли соҳаларда ҳамкорликни янада мустахкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири