Ўзбекистон – АҚШ: Тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда

40

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер қаърини геологик ўрганиш, хусусан рангли қимматбаҳо металлар ва бошқа фойдали қазилма майдонларида геологик-қидирув ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Рангли ва қимматбаҳо металларнинг истиқболли майдонларини топиш учун илмий ишлар, йирик ўлчамли геологик хариталар яратиш асосида республика минерал-хом ашё базасини бойитиш борасида кўплаб ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Маълумки, мазкур соҳа ривожида илмий изланиш олиб бориш, халқаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш орқали илғор хорижий тажрибани оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади. Эътиборлиси, ёш олимларимиз айни йўналишда чуқур илмий изланишлар олиб бориб, нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг геология ва тоғ-кон соҳасидаги  ўрнини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ходими Беҳзод Холмуродов шундай ёш мутахассисларимиздан бири. Олим айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар, ҳозиргача эришилган натижалар ҳақида ЎзАга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида тоғ-кон саноати ва геология соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, геология-қидирув ишларини янги босқичга олиб чиқиш, соҳага дунёнинг замонавий техника ва теҳнологияларини жалб қилиш мақсадида аэрогеофизика ва дрон ускуналаридан фойдаланиш йўлга қўйилди. Натижада иш тури таннархи камайди, сарфланадиган вақт тежалиб, самарадорлик бир неча баробар ошди.

Энг муҳими, ер ости бойликларидан фойдаланишда шаффоф механизм яратилди, қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Натижада республикамиз глобал минерал бозорининг муҳим иштирокчисига айланиб, халқаро миқёсдаги стратегик ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратилди.

Айниқса Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари масъул идоралари томонидан жорий йил Вашингтонда имзоланган стратегик ҳужжатлар тўплами ушбу йўналишдаги муносабатларни амалий босқичга ўтказди. Қолаверса, 2024 йил сентябрь ойида икки давлат ҳукумати ўртасида муҳим хом ашё соҳасида шериклик бўйича англашув меморандуми имзоланиши ҳам ўзаро муносабатнинг институционал асосини мустаҳкамлади.

Маълумки, бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва энергетик ўтиш жараёни учун ўта муҳим ҳисобланган стратегик ресурслар – муҳим минерал хом ашёлар ва нодир минераллар бутун дунё саноат хавфсизлиги ва юқори технологиялари ривожи учун беқиёс аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда қиймат занжирини “upstream – midstream – downstream” тамойили асосида ривожлантириш, яъни қазиб олишдан қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик туркумни йўлга қўйиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Инвестиция ва савдо йўналишида “Traxys” ва “Cove Capital” каби жаҳон компаниялари билан ўрнатилган шериклик Ўзбекистоннинг глобал таъминот занжирини диверсификация қилишдаги стратегик ролини янада мустаҳкамлади. Бундай ҳамкорлик шунчаки ресурс қазиб олиш эмас, балки минерал хом ашё базасини юқори қўшилган қиймат занжири асосида ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли иқтисодий стратегиянинг бир қисмидир.

Бугунги кунда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ва “Cove Capital” томонидан имзоланган сармоявий ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми асосида конларни ўзлаштириш ва янги истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича иш олиб бориляпти.

Саноатни модернизация қилиш ва технологик жараённи маҳаллийлаштириш доирасида жаҳоннинг етакчи оғир техника ишлаб чиқарувчиси – “Caterpillar” компанияси ва расмий ҳамкор “Zeppelin Uzbekistan” билан эришилган келишув ҳам алоҳида ўрин тутади. Айни пайт мазкур шериклик доирасида республикамиздаги тоғ-кон корхоналари учун замонавий техника воситалари етказиб бериш, жиҳозларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, энг муҳими бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича қўшма дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

“FLSmidth” компанияси билан эришилган келишув эса Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишлаб чиқариш қувватини ошириш, корхона фаолиятига энг илғор технологик ечимларни жорий этиш имконини бермоқда. Бу жараёнда технологик ускуналарни маҳаллийлаштириш, бутловчи қисмларни бевосита юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек махсус сервис марказлар очиш орқали технологик мустақилликка эришишга устуворлик берилган.

Йирик лойиҳаларни илгари суришда молиялаштириш жараёнига халқаро молиявий тузилмаларни жалб этиш муҳим. Шу мақсадда АҚШ етакчи молия институтлари – Халқаро ривожланиш молия корпорацияси (DFC) ҳамда Экспорт-Импорт банки (“EXIM Bank”) билан турли даражада музокара ва мулоқотлар олиб борилди. Самарали ташаббуслар инвестиция муҳитини янада жозибадор қилади, албатта.

Соҳанинг истиқболли келажаги бевосита илм-фан ва юқори технологиялар уйғунлигига таянади. Геология фанлари университети ҳамда Колорадо кончилик мактаби ўртасидаги ҳамкорлик доирасида белгиланган стратегик йўналишлар ҳар икки томон учун янги уфқлар очмоқда. Мазкур интеграция доирасида геология-қидирув ишлари мураккаб кечадиган ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида янги конларни аниқлашга ихтисослашган замонавий Компетенциялар маркази ташкил этиш, қидирув жараёнига рақамли ечим ва аэрогеофизик технологияни татбиқ этиш кўзда тутилган.

Технологик металлар комбинати ва Массачусетс технология институти ўртасида ходимларни “MIT Horizon” платформасида замонавий рақамли ва ахборот технологиялари, ақлли ишлаб чиқариш, автоматлаштириш ҳамда барқарор ва келажак технологиялари йўналишлари бўйича онлайн ўқитишга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

Хулоса қилиб айтганда, илмий-техник, саноат ва инвестиция ютуқлари ишлаб чиқаришга жорий этилиши республикамиз минерал-хом ашё секторини инновацион асосда тараққий эттириш, Ўзбекистон геология ва тоғ-кон соҳасининг глобал миқёсдаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.