Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари музокара ўтказди

2019 йилнинг 6 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига борган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари масалалари, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди ҳамда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шаклидаги 15-вазирлар учрашуви кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида олий даражадаги мунтазам алоқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда икки томонлама муносабатлар ва халқаро майдондаги алоқаларнинг барча масалаларига ўзаро мақбул ечим топишга имкон берувчи ижобий муҳит шакллантиргани мамнуният билан қайд этилди.
Вазирлар турли даражаларда бўлажак учрашувлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

 

ЎзА