Қаҳва ҳазм жараёнини тезлаштирадими? Мутахассис жавоб берди

11

Қорин тўйиб овқатланганидан кейин қаҳва ичиш ҳазм жараёнига ёрдам берадими? Лондон қироллик коллежи диетологи Доктор Эмили Лимингнинг фикрича, айрим одамлар учун бу ҳақиқатдан ҳам фойдали бўлиши мумкин, аммо барчага ҳам бирдек тўғри келавермайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, кофеин ичак фаолиятини рағбатлантиради ва мушак қисқаришларини кучайтиради. Бу кўпчиликда озуқанинг ҳазм тизими орқали “меъёрий суръатда” ҳаракатланишига ёрдам беради. Агар ҳазм жараёни бироз суст кечаётган бўлса, бу ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ асабий ичак синдроми каби муаммоси бор инсонларда акс таъсир бериб, жараённи ҳаддан ташқари тезлаштириши ва ноқулайлик туғдириши эҳтимоли бор.

Қаҳванинг таъсири фақат ичак ҳаракати билан чекланмайди. Доимий равишда қаҳва истеъмол қилиш умумий ичак саломатлиги билан ҳам боғланмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мунтазам қаҳва ичувчиларда ҳазм ва озуқа моддаларининг сўрилишида иштирок этувчи триллионлаб микроорганизмлардан иборат ичак микробиомаси таркиби бошқачароқ бўлади.

Қаҳва овқатланишимиздаги полифеноллар — антиоксидант бирикмаларнинг асосий манбаларидан бири саналади ва фойдали микроблар айнан шу моддалар билан озиқланади. Шунингдек, у кам миқдорда тола (клетчатка) ҳам сақлайди.

Бироқ қаҳвани ичак саломатлиги учун восита сифатида қўллашда вақт омили муҳим. Кофеин айрим одамларда организмда 12 соатгача сақланиб қолиши мумкин ва уйқу сифатини бузади. Мутахассиснинг қайд этишича, ёмон уйқу ичак саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Уйқусизлик ортидан нотўғри овқат танлаш одати пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, бу эса ҳазм тизимига янада салбий таъсир қилади.

Шу боис, диетолог кофеинли қаҳвани тушгача истеъмол қилишни, куннинг иккинчи ярмида эса кофеинсиз қаҳва ёки гиёҳли чойга ўтишни тавсия қилади.