Гастрономияда экологияга масъулият масалалари муҳокама қилинди

24

 

DMO Karakalpakstan (Destination Management Organization of Karakalpakstan) жамоат бирлашмаси томонидан «QR Gastronomic Quality: Қорақалпоғистоннинг жозибадорлигини ошириш учун туризм хизматларининг гастрономик сифатини баҳолаш ва яхшилаш» лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.

Семинарда республикамиздаги ресторан ва кафеларнинг эгалари ва ходимлари, ҳунармандлар, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг «Иқтисодиёт, туризм ва бизнесни бошқариш» кафедрасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, гастрономик ва туристик лойиҳаларнинг вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида гастрономияда экотурғунликнинг асосий масалалари, жумладан, ресторан бизнесининг экологик таъсири, «яшил» амалиётларни жорий этиш бўйича халқаро тажриба, маҳаллий ва мавсумий маҳсулотлардан фойдаланиш, шунингдек, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Чиқинди амалиётлари, экологик қадоқлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалий қисмда иштирокчилар экологик имижни шакллантириш ва минтақанинг гастрономик ва туризм соҳасида барқарор амалиётларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган экологик барқарор ечимларни жорий этиш бўйича индивидуал режаларни ишлаб чиқди.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги