«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга сунъий интеллектга оид нормалар киритилди
Ҳуқуқий муносабат
Мамлакатимиздаги сунъий интеллект технологияларини ҳуқуқий тартибга солиш борасида муҳим қадам қўйилди. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси ўқитувчиси Албина Курмичкина қуйидагиларни маълум қилди.
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 12 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2025 йил 1 ноябрда маъқулланган 1115-сон Ўзбекистон Республикаси қонуни билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муҳим ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, қонунга кўра, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига янги тушунча киритилди. Энди сунъий интеллект — бу инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил равишда ўрганиш ва ечим излаш ҳамда аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижалар олиш имконини берадиган технологик ечимлар мажмуи сифатида қонун даражасида таърифланади. Бундан ташқари, 4-моддага давлатнинг ахборотлаштириш соҳасидаги асосий йўналишлари қаторига сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий, технологик ва иқтисодий асосларни белгилаш вазифаси қўшилди.
6-моддага эса ваколатли давлат органининг янги ваколатлари — сунъий интеллект йўналишига инвестициялар жалб этиш, техник инфратузилмани шакллантириш ҳамда ушбу соҳада кадрлар тайёрлашни ташкил этиш белгилаб қўйилди.
Янги 7¹-модда бўйича сунъий интеллект ёрдамида яратилган ахборот ресурслари ва ахборот тизимлари инсоннинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслиги шарт. Бунда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосаларига таяниш мумкин эмас.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46.2-моддасига янги қисм қўшилди: сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ёки уларни тармоқда тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинишига олиб келади.
Ушбу қонун Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА