Оила тинчлиги — қонун ҳимоясида

23

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч ким тазйиқ, зўравонлик ёки камситишга дучор бўлмаслиги керак. Ушбу конституциявий тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган.

Хусусан, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, унда жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик, шунингдек, тазйиқ ва таъқиб тушунчаларига аниқ ҳуқуқий таъриф берилди. Қонунда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмлари, ҳимоя ордерини бериш тартиби ва масъул давлат органларининг ваколатлари ҳам белгилаб қўйилган.

Жабрланувчиларни ҳимоя қилишнинг самарали ҳуқуқий воситаларидан бири сифатида ҳимоя ордери институти жорий этилди. Унга кўра, тазйиқ ёки зўравонликка учраган шахс ваколатли органлар ёки суд томонидан белгиланган муддатга ҳимоя ордерини олиши мумкин. Бу ордер зўравонлик қилган шахсга жабрланувчи билан алоқа қилиш, уни таъқиб қилиш ёки қидиришни тақиқлайди. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳимоя ордери зўравонлик ҳолатлари такрорланишининг олдини олишда муҳим профилактик ҳуқуқий таъсир чораси сифатида ўз самарасини бермоқда.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судининг тергов судьяси Г.Утепбергенова томонидан Нукус тумани ҳокимлигида учрашув ўтказилди.

Унда туман ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Абатова, туман ички ишлар бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Р.Сарманова ва нуроний онахонлар иштирок этди.

Учрашув давомида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, хотин-қизларни оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари, хусусан, ҳимоя ордерини бериш тартиби ва уни бузганлик учун белгиланган жавобгарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида тергов судьяси томонидан жамоатчилик иштирокида оилавий зўравонликка оид иш материали кўриб чиқилиб, турмуш ўртоғига берилган ҳимоя ордери талабларини бузган ҳуқуқбузарга қонунга мувофиқ маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Бундай очиқ суд мажлислари аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантириш ва фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги